Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўргатишни назарда тутувчи “Ўзбек академияси» («Uzacademy») интернет платформаси ташкил этилади.

Юртимизнинг бой илмий, тарихий, маданий ва маънавий меросини ўрганишга қизиқиш юқори бўлган хорижий таълим ва илмий ташкилотларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг марказлари ҳамда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетининг “Ўзбекшунослик» (“Uzbek Studies») кафедралари фаолияти йўлга қўйилади.

2024 йил якунига қадар хориждаги ўзбек миллий маданий марказлари ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ўзбек тили курсларини ташкил этиш ҳамда уларда машғулотлар мунтазам олиб борилиши йўлга қўйилади.

Мазкур қарор билан Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб этиш ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ таркиби;

Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

  • Платформа, марказлар ва кафедралар фаолиятини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назоратни амалга ошириш;
  • Платформа, марказлар ва кафедралар фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш;
  • Платформа, марказлар ва кафедралар фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлган харажатлар сметасини ҳамда улар фаолиятини молиялаштириш манбаларини тасдиқлаш ва тақсимлаш;
  • хорижий давлатлардаги таълим ва илмий ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш ва уларда марказлар ва кафедралар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
  • Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Платформани ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи ҳисобланади, унинг узлуксиз ишлашини таъминлайди ва такомиллаштириб боради;
  • Платформани ишлаб чиқиш билан боғлиқ барча харажатлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
  • Платформанинг энг илғор таълим интернет платформалари билан интеграция қилиниши таъминланади;
  • «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Платформа орқали таълим беришни ташкил қилиб боради;
  • Туризм қўмитаси Платформага зарур маълумотлар жойлаштирилиши ва янгилаб борилишини мувофиқлаштиради;

Платформада таълим олувчиларга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети профессор-ўқитувчилари ҳамда Фанлар академиясининг Тарих институти Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий ходимлари томонидан масофавий (онлайн) дарс бериш, шунингдек, таълим олувчилар учун Платформа орқали масофавий (онлайн) имтиҳон топшириш имконияти яратилади.

Қарорда 2026 йил 1 мартга қадар биринчи навбатда АҚШ, Россия, Қозоғистон, Франция, Туркия, Миср, Корея, Ҳиндистон ва Хитойдаги таълим ва илмий ташкилотларда марказлар ва кафедралар фаолиятини йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Платформа, марказлар ва кафедраларни Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда маданий мерос бўйича электрон, босма китоб ва адабиётлар билан бойитиб борилади. Шунингдек, ўзбек кино санъатининг шаклланиш тарихи ва ривожланиш жараёнлари ҳақида материаллар ҳамда атоқли киноижодкорлар томонидан яратилган энг сара фильмлар (инглиз ва рус тилларидаги субтитрлари билан), миллий мусиқа ва рақс санъатини намойиш қилувчи аудио ва видео дарсликлар, хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, ўзбек тили ва адабиётига оид ўқув қўлланма ва дарсликлар, адабиётларнинг электрон шакли Платформага жойлаштириб борилади.

Платформа, марказлар ва кафедралар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг марказлари ҳамда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетининг «Ўзбекшунослик» («Uzbek Studies») кафедраларини Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётига оид ўқув қўлланма ва дарсликлар, аудио ва видеоматериаллар билан қуйидаги миқдорларда таъминлаш тизими йўлга қуйилади:

200 та – ўзбек тилини ўрганиш учун;

100 та – ўзбек адабиётини ўрганиш учун;

100 та – Ўзбекистан маданиятини ўрганиш учун;

100 та – Ўзбекистан тарихини ўрганиш учун;

20 та – маданий мерос ва туризмни ўрганиш учун.

ЎзА