Рёсуке Козуки: Ўзбекистон минтақадаги энг катта ва энг ёш инсон ресурсларига эга

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсуке Козуки бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, унда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг самаралари хусусида сўз юритди. Қайд этилишича, икки мамлакат давлат секторлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш барқарор амалий аҳамият касб этади. Шунингдек, Япониянинг йирик корпорациялари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон–Япония бизнес-форуми самарадорлиги, тадбир давомида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзолангани алоҳида таъкидланди.

–Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ўзаро манфаатли стратегик шериклик жуда муҳим. Албатта, мамлакатингиз саноат салоҳиятини ривожлантиришда япон компанияларининг муваффақияти ва тажрибаси қўл келади. Эътиборлиси, Ўзбекистон минтақадаги энг катта ва энг ёш инсон ресурсларига эга ва Марказий Осиёдаги иқтисодий тараққиётнинг двигателидир, –деди жаноб Рёсуке Козуки.
Шунингдек, учрашувда жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги тадбир – “Марказий Осиё+Япония” форматидаги давлат раҳбарлари саммитига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан давлат хизматчилари, хусусан, ҳоким ўринбосарлари малакасини ошириш соҳасида самарали ҳамкорлиги, япон тадбиркорлари томонидан инвестицияларни рағбатлантириш учун Ўзбекистон хусусий секторида қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги ҳақида ҳам сўз борди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА