Бугун қандай кун?

Ватанимиз тарихидаги 18 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1834 йил – ҳижрий 1249 йил рамазон ойининг еттинчи куни сешанбада (милодий 1834 йил 18 январда) Халифа Ҳусайн ибн Юсуф ал-Бухорий 82 ёшида (милодий 80 ёшида) вафот этди. Тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг қайд этишича, Халифа Ҳусайн Қавола дарвозаси ташқарисида, унинг жануби-ғарбий томонида жойлашган Шанба мозор номи билан аталадиган Хожа Зарпўш ва Хожа Намадпўш қабристонига дафн қилинган.

Асли туркистонлик бўлган Халифа Ҳусайн илм олиш мақсадида аввал Бухорога келади, бу ердаги устози вафотидан сўнг Самарқандга бориб таҳсил олади. У Самарқандда узоқ вақт яшайди. Самарқандда бир мадраса ва хонақоҳ қурдиради. Бухоро амири Ҳайдар замонида Бухорога келиб яшай бошлайди. Бу ерда кечган етти йиллик умри давомида мазкур гузарда ҳам бир мадраса ва хонақоҳ бино қилдиради. Улар XX асрнинг иккинчи ярмида бутунлай бузиб юборилган.

1886 йил – Самарқанд ирригацияси бўлимининг бошлиғи З.Жижемский Бухоро воҳасининг сув таъминотини яхшилаш тўғрисида махсус ёзма маъруза тайёрлаб, уни Самарқанд маъмуриятига йўллади. Рус ирригатори бу ёзма маърузада қуйи Зарафшондаги сув муаммосини ҳал қилиш учун Амударёдан Бухорога сув чиқариш билан бир қаторда, Зарафшон дарёсидан Бухоро хонлигига ташланадиган ортиқча сувларни жамғариш ва вегетация даври (ўсимлик уруғининг униб чиқишидан бошлаб ҳосил йиғилгунгача бўлган зарурий давр)да улардан суғориш ишларида фойдаланиш ғоясини баён этган.

1913 йил – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Малик Набиев таваллуд топди (вафоти 1992 йил).

1919 йил – Самарқанд округ халқ суди ташкил топди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, шу йилнинг 1 августидан ягона халқ судларига ўтилиши муносабати билан вилоятда 55 та халқ суди ташкил этиш кўзда тутилган эди, бироқ улардан бор-йўғи 24 таси иш юритди.

Тарихчи Дилшод Комоловнинг ёзишича, қолган судлар мутахассис йўқлиги ёки маблағ етишмаслиги сабаб ташкил топмаган. Натижада судьялик лавозимини собиқ адлия ходимлари эгаллаган. Яъни, рус судьяси этиб собиқ империя судьялари, мусулмон судьяси этиб эса қозилар сайланган.
1937 йил – Марказий Қозоғистондаги Улуғтоғ ҳудудидан Амир Темурнинг Дашти Қипчоққа юриши даврида уйғур ёзувида чиғатой (туркий) тилидаги битикли тош ўрнатган ёдгорлик минораси топилди. Мазкур битикли тошнинг оғирлиги 11 тонна 200 килограмм бўлиб, ҳозирда Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейида сақланмоқда.

Манбаларда қайд этилишича, 1391 йилда Дашти Қипчоққа отланган Амир Темур икки кеча-кундуз йўл юриб толиққан қўшинни Улуғтоғ (ҳозирги Қозоғистондаги Қарсақпай кони яқинидаги Олтин чўку номли тоғ) ёнбағрига ҳордиқ олиш учун туширади. Ўзи эса хослари ҳамроҳлигида тоғ тепасига чиқиб, теварак-атрофга, ястаниб ётган даштга назар ташлайди ва бу ерда мазкур юриш ҳақида хотира қолдиришга қарор қилади. Фармони олийга кўра, жангчилар атрофдан харсанг тошлар ташиб келиб, белгиланган жойга тўплайдилар. Уста сангтарошлар ишга тушиб, Соҳибқироннинг Тўхтамишхонга қарши қўшин тортиб, ушбу мавзега етганлиги тарихини тошга битадилар.

Туркий ёзувда нақш қилинган хотиранинг матни қуйидагича: “Тарих етти юз тўқсон учта, қўй йил ёзнинг ора ой Туроннинг султони Темурбек икки юз минг черик била ислом учун Тўхтамишхонни(нг) хониға йуриди. Бу ерга етиб, белгу бўлсун теб бу йўбани қўпарди. Тангри нисфат бергай, Иншаоллоҳ. Тангри эл кишига раҳмат қилгай, Бизни дуо била ёд қилғай”.

2019 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

ЎзА