Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш” мавзусида таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини тузиш ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, уюшма Устави ва Рамзини, ҳудудий бўлинмаларининг Намунавий низомларини тасдиқлаш, уюшманинг Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш, шунингдек, уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳалла фаоллари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Мирзаев, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, вилоятлардан 140 нафар делегат иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева маҳалла чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳоли муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қодир етакчи фуқаролик жамияти институтига айланганини қайд этди. Маҳалланинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда маҳалла институтининг мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланди. Маҳалла тизими ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айланди. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.

Сўнгги етти йилда тизимни такомиллаштиришга доир 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара берди. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.

Маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколати кучайтирилди. Эндиликда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг биргаликдаги қарори асосида амалга оширилади. Қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар билан “еттилик” аъзоларини тайинлашда маҳаллада яшайдиган номзодларга устунлик берилади. Маҳалла раисининг маълумоти ва малакаси бўйича талаблар белгиланиб, уларнинг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш кўзда тутилмоқда.

Эътиборлиси, ҳар бир маҳалла ўз бюджетига эга бўлади. Маҳаллага қўшимча куч ва имкониятлар бериляпти. Бу дегани ваколат ҳам, масъулият ҳам қуйи тизимга тушяпти.

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу фармон ва қарор асосида Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан делегатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Унда маҳалла тизимидаги ўзгаришлар, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини ошириш борасидаги ташаббуслар, “маҳалла еттилиги”нинг фаолият йўналишлари хусусида сўз борди.

Президент фармон ва қарорида белгиланган устувор вазифалар бирма-бир таҳлил қилинди. Делегатлар маҳалла тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари ва ташаббусларини билдирди.

Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Делегатлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг раиси лавозимига Қаҳрамон Қуронбоев номзодини бир овоздан маъқуллади.

Янги ташкил этилган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси зиммасига маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўташ масъулияти юкланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган янгилик ва ўзгаришлар маҳалланинг халқчил тузилмага айланишига хизмат қилади.

Конференция иштирокчилари номидан маҳаллалар фаолларига Мурожаат қабул қилинди.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА мухбири