Абу Райҳон Беруний мутафаккир олим, ўрта асрнинг буюк даҳоларидан саналади. Унинг асарлари мусулмон Шарқ маданиятининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида ушбу аллома мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди.

Мутафаккир асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди ва европалик олимларнинг мазкур асарларга бағишланган китоблари, таржималари нашр этилди.

Россиянинг Свердловск вилоятидаги Ўзбек миллий маданият маркази раҳбари Обид Туратов пойтахтимиздаги Ўзбекистон тарихи давлат музейига ўзгача совға билан ташриф буюрди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотида.

“Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Абу Райҳон Беруний таваллудининг минг йиллиги муносабати билан тайёрланган ноёб медальон мазкур музейга топширди.

Ушбу медальон 1973 йилда собиқ иттифоқда ҳайкалтарош Юрий Халдеев томонидан Беруний таваллудининг минг йиллигига бағишлаб ягона нусхада ясалган. Айни вақтда у ноёб экспонат ҳисобланади. Медальон музейнинг “Биринчи Ренессанс даври” бурчагига жойлаштирилди.

Дарҳақиқат, фахр билан қад этиш лозимки, ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний замонасининг қатор фанлари: астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минералогия, тарихни чуқур ўрганди ва бугунги дунё тараққиётининг асосига сабаб бўлаётган кашфиётлар илмининг асосчисига айланди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА