Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, чексиз ифтихор ва садоқат намунаси

13 январь куни пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Шу куни эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизими вакиллари Ватанимизнинг шонли тарихи, шиддатли янгиланишлар, тараққиётимиз ва маърифий юксалиш рамзи бўлган “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гуллар қўйди.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан муҳташам санъат саройида ташкил этилган тантанали тадбирга давлат ва жамоат арбоблари, ҳарбийлар, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Сарой фойесида мамлакатимиз ҳарбий салоҳиятини, соҳадаги ютуқ ва янгиликларни намойиш этувчи кўргазма ташкил қилинди.
…Ватанимиз мадҳияси ижро этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, Президентимиз табригида таъкидланганидек, халқимиз ҳарбийлар тимсолида Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ сиймоларни кўради.
Дунёга янгиланиб бораётган Ўзбекистон сифатида танилаётган мамлакатимизда ҳарбий соҳани ислоҳ этиш, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини тобора ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни давр талаби даражасида йўлга қўйиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, ҳарбийларнинг касбий салоҳиятини ошириш, мазкур йўналишдаги таълимни замон руҳига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини кучли ижтимоий ҳимоялаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Зеро, Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини, хавфсизлигини таъминлашда, халқимиз ҳаётининг тинчлиги, осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда ҳарбийларимизнинг хизматлари беқиёс.
Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, чексиз ифтихор ва садоқат намунасига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши асосида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик ойлигида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, бугунги мураккаб глобаллашув даври наинки мамлакатимиз ҳарбийлари, балки кенг жамоатчилик, бутун халқимиздан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, юртимиз келажаги, фарзандларимиз тақдирига катта масъулият билан қарашни тақозо этмоқда. Бу борадаги долзарб вазифалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида алоҳида таъкидланган эди.
– Болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилардим, – деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлим бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби, подполковник Нодиржон Истамов. – Бу соҳа бизлар учун шунчаки касб эмас, балки умр мазмуни, ҳаётимизнинг бош шиоридир.
– Ватан ҳимояси азалдан миллий қадриятларимизнинг ажралмас жиҳати саналади, – деди Мудофаа вазирлиги қўшинлари таркибидаги ҳарбий қисм дивизион командири, майор Акбар Турдиев. – Зеро, юртнинг дахлсизлиги, тинчлиги, хотиржамлиги йигит кишининг шаъни, шарафи, орияти билан бевосита боғлиқдир.
Тантанали тадбир давомида Ватанимиз, тинч ва осуда кунларимиз, истиқлолимиз, мард, бурчига содиқ ҳарбийларимизни тараннум этувчи бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров,
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА