Ёшлар тадбиркорлиги ва таълимини ривожлантиришга эътибор кучайтирилди

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан ўтган йилда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси изчил фаолият юритди.
Натижада республика бюджети маблағлари ҳисобидан мамлакатимиздаги 15 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш харажатларига 16,3 миллиард сўм ажратилди. Объектларда 9,9 миллиард сўмлик ишлар бажарилди ва 10,2 миллиард сўм молиялаштириб берилди.
Шунингдек, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 29 та лойиҳага 159,1 миллиард сўм ҳамда Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 116 та лойиҳага 29,4 миллиард сўм ажратилишига эришилди.
Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари учун аванс тўловлари билан бирга жами 13,6 миллиард сўм молиялаштирилди.

Бу мазкур қўмитанинг 2023 йилда амалга оширган фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилишда қайд этилди.
Ўтган йилда қўмита томонидан ўтказилган 15 та муҳокама жараёнида фаолиятга доир 50 га яқин муҳим ва долзарб масалалар кўриб чиқилди. Қўмита масъуллигида 3 та қонун ялпи мажлисларга олиб чиқилди ҳамда 7 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.
Таъсирчан парламент назорати доирасида бир қатор ижобий натижаларга ҳам эришилди. Жумладан, Маданият вазирлиги тизимидаги барча олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари кутубхона фондидаги ўқув адабиётлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.
Республика бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернати кутубхонасига “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” номли 100 жилдли китоблар тўплами тақдим этилди.
Қўмита жойларда қонунларнинг ижроси ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг Самарқанд вилоятида ижро этилиши ҳолати жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши билан ўтказилган қўшма мажлисда муҳокама этилиб, қўмита ва кенгашнинг қўшма қарори қабул қилинди. Натижада вилоятда вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони қарийб 40 фоизга камайишига эришилган.
Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар натижадорлиги ўрганилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал этиш мақсадида Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юборилган. Натижада музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилди ҳамда амалдаги соҳага тааллуқли қонунлар умумлаштирилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи Маданий мерос кодекси лойиҳаси тайёрланди.
Ўзбекистон давлат санъат музейида таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун Маданий мерос жамғармаси ҳисобидан 2,2 миллиард сўм ажратилди.
Ўтган йилда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларни ташвишга солаётган масалалар ечими қўмита фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан жами 525 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 175 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қўмита томонидан 277 (53 фоиз) назоратга олинган мурожаатдан 58 таси ижобий ҳал этилган.
Қўмита аъзолари томонидан 1 минг 630 та ёзма мурожаат кўрилди ва 200 га яқин сайёр ҳамда 420 та шахсий қабул ташкил этилди. Ушбу қабулларда 2 мингга яқин масалани ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди. Аниқланган масалалар ечимини топиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 30 га яқин сенатор сўрови юборилган.
Сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган мажлисда юқоридаги каби ишлар қўмитанинг 2024 йилдаги иш режасидан жой олгани таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА