Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг янги истиқболларини очмоқда.

2022 йил 22 декабрь куни Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида иттифоқчилик муносабатлари ва давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича муҳим шартномалар имзолангани алоқаларимиз ривожида муҳим қадам бўлди.

Ҳукумат тузилмалари даражасида 15 та ҳужжат, жумладан, Марказий Осиё саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди. Ташриф доирасида шунингдек, 8 миллиард долларлик савдо шартномалари ва сармоявий битимлар имзолангани иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев қўшма ташқи савдо компанияси ва саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш ниятида эканлигини билдирди. Ушбу ташаббус доирасида Тошкентда Қозоғистон товар ишлаб чиқарувчилари ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг савдо миссияси ташкил этилиб, унинг натижасида умумий қиймати 44,1 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди.

Бу воқеалар, айниқса, глобал иқтисодий ва сиёсий муаммолар фонида Марказий Осиёда тинчлик ва фаровонликни таъминлашдан икки давлатнинг чуқур манфаатдорлигини акс эттиради. Ўзаро иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш сармояларни кўпайтириш, савдо шароитларини яхшилаш ва инфратузилмани ривожлантириш, фуқаролар ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ушбу тадбирлардан ташқари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев билан учрашди. Учрашувда Марказий Осиё саноат кооперацияси халқаро марказини тезроқ ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича келишувга эришилди. Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган сармоявий битимлар ва савдо шартномаларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

2023 йилнинг 11 ойи давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш сезиларли даражада 4,1 миллиард долларга етди. Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ва Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ўртасидаги музокаралар чоғида бу кўрсаткични 10 миллиардга етказиш бўйича улкан мақсад бор.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мунозаранинг асосий масалаларидан бирига айланди ва иккала томон ҳам ушбу мақсадга эришиш бўйича аниқ чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар. Бу жараёнда ҳар икки давлат бозорларида товарларни илгари суриш учун онлайн савдо майдончасидан фойдаланишни назарда тутувчи ҳамкорликда ташкил этилган “UzKazTrade” компанияси муҳим рол ўйнайди.

Иқтисодий ривожланиш шароитида Қозоғистон турли соҳаларда сезиларли ўсишни намойиш этмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатимизда темир йўл транспортида юк ташиш ҳажми 2,2 фоизга, автомобил транспортида эса 10,1 фоизга ўсди. Барча транспорт турларида ташилган юкларнинг умумий ҳажми 895,4 миллион тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 3,9 фоизга кўпдир. Бу маълумотлар минтақада транспорт инфратузилмаси ривожланиб, савдо алоқалари мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг 2023 йил учун қилинган прогнозларига кўра, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 259,3 миллиард долларни ташкил қилиши керак, бу 2022 йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир. Бу кўрсаткич Қозоғистонни ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида етакчи ўринга қўяди. 2028 йилга бориб Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 354,7 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда.

Ушбу иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини янада чуқурлаштиришга қаратилган режалар минтақанинг умумий фаровонлигига хизмат қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дипломатик ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш барқарор ривожланиш ва ҳамкорлик учун қулай муҳит яратишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини англатади.

Абдуазиз Хидиров, ЎзА