2024 йил 1 январдан кучга кирган “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда нималар назарда тутилган?

– 2024 йил учун Давлат бюджети харажатлари 312 триллион 921 миллиард сўм миқдорида режалаштирилди, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жорий йил бюджетида ҳам ижтимоий соҳа харажатлари салмоқли улушни ташкил этади. Харажатларнинг 48 фоиздан ортиғи ёки 151,5 триллион сўм ижтимоий соҳага йўналтирилади.

Бунда инсон капиталини ривожлантириш харажатлари 104,7 триллион сўмни ёки бюджет харажатларининг 33 фоизини ташкил этади. Қонунда харажатларни мақсадлилиги ва самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш мақсадида қонун билан кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам пули тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари) сақлаш харажатлари, Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари ҳамда Сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларини сақлаш харажатлари, маҳаллаларни нодавлат нотижорат ташкилот ва бюджетдан маблағ олувчи сифатида сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.

2024 йил учун давлат бюджети ижросини таъминлаш билан боғлиқ “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан 2 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишларидан келиб чиқиб, пневматик резина шиналар ва покришкалар ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида қўшимча киритилди. Ушбу нормалар 2024 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритилади. Ушбу йиғимдан тушган маблағлар ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Қонун билан Солиқ кодексига ҳам солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, солиқ сиёсати бўйича мамлакатимиз ҳудудида товарлар (хизматлар)ни реализация қилувчи чет эл юридик шахслари билан бир қаторда чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар ҳам қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиши белгиланди.

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи занжирини таъминлаш мақсадида тиббий ва ветеринария хизматлари, дори-дармон воситалари бўйича белгиланган имтиёзлар бекор қилинди.

Шу мақсадда сув таъминоти, канализация, санитария жиҳатдан тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматларни реализация қилишга доир айланмага, шу жумладан, бундай хизматларни уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан аҳоли номидан, шунингдек, идоравий уй-жой фонди уйларида яшаётган аҳоли учун Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг бўлинмалари томонидан олишга, ноль даражали ставка бўйича солиқ солиниши бекор қилинди.

Шунингдек, тамаки маҳсулотлари, алкоголь маҳсулотларига ҳамда нефть маҳсулотлари ва бошқа акциз тўланадиган товарлар ва хизматларга доир индексация қилинган акциз солиғининг янги солиқ ставкалари белгиланди.

Солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўловчи солиқ тўловчилар учун индексация қилинган солиқ ставкалари белгиланди ва бу норма 2024 йил 1 февралдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари бўйича белгиланган солиқ имтиёзлари 2028 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун ер солиғи ставкалари ҳудудлар кесимида мутлоқ миқдорларда белгиланди.

Оғир юк машиналари томонидан республика ва маҳаллий даражадаги йўллардан фойдаланишда уларни яроқсиз ҳолга келтириш ҳолатлари туфайли етказилаётган зарарларни қоплаш мақсадида “Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғим” жорий этилди.

Ушбу қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга кирди. Қонуннинг солиқ имтиёзларини мақбуллаштириш билан боғлиқ нормалари эса 2024 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА