Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга давлат органлари томонидан адолатли ва тенг муносабатда бўлишни таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратишда Бизнес-омбудсманнинг ҳиссаси катта.

Масалан, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркор солиқ органи томонидан 16,7 миллион сўм ер солиғи ҳисобланганлигидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Маълум бўлишича, Президентимизнинг ПФ-5466-сонли Фармони асосида Нукус шаҳар ҳокимининг 2021 йил 26 май кунги қарори билан «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури бўйича тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 0,15 га ер майдони ажратилган. Ушбу ер участкаси давлат кадастрлар палатасида 06.07.2023 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган. Лекин давлат солиқ органи томонидан ер участкаси ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини ва ҳужжатсиз деб баҳолаб, белгиланган солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида, жумладан, 16,7 миллион сўм жарима қўлланилган. Ваҳоланки, қонунчиликда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишга ўз вақтида мурожаат этмаслиги учун маъмурий жарима қўлланилиши назарда тутилган бўлиб, лекин солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида белгиланиши назарда тутилмаган. Яъни Солиқ кодексининг 437-моддасида белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланиши ҳолатлари аниқ кўрсатилган бўлиб, унга асосан ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда юзага келади.

Мазкур ҳолатда солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида ҳисобланган солиқ ноқонунийдир.

Ёш тадбиркорнинг мутасадди ташкилотларга мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермагач, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.

Бизнес-омбудсман юқори турувчи солиқ органига киритган хати туфайли солиқ ставкасининг уч баравари миқдорида ҳисобланган жарима бекор қилиниб, тадбиркорнинг муаммоси ижобий ҳал этилди.

Гулноза Бобоева,ЎзА