Миллат ва тил мисли тан ва жон сифатида буюк алломалар томонидан эътироф этилади. Деҳқончилик маданияти ривожланиши билан соҳавий атамалар кўлами кенгайиб, тилимиз бойиган, илмимиз тараққий этган.

Сир эмас, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, илм-фан ютуқлари, илғор хорижий тажриба ва технологияларнинг жорий қилиниши, жаҳон миқёсида глобаллашув тобора кенгайиб ва чуқурлашиб бораётгани муомалада бўлган сўзлар, атамалар билан бир қаторда кўплаб халқаро ва хорижий терминлар қўлланилиши жараёнларини тезлаштирди. Аграр тармоққа янги терминларнинг шиддат билан кириб келиши, муомалада уларнинг турли хил маънода, билиб-билмай талқин қилинишига, амалий фаолиятда муайян тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Демак, соҳавий атамаларнинг яхлит изоҳли луғатини яратишга зарурат бор. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари аграр соҳа тармоқлари ва унинг қадимдан ривожланиб келган турли касб-ҳунарларига оид ҳамда тараққиётнинг замонавий босқичида пайдо бўлган илмий техникавий терминлар, сўнгги даврда муомалага кириб келаётган халқаро ва хорижий атамаларни жамлаш, уларнинг ўзбек тилидаги луғавий ва маънавий изоҳларини адабий меъёрларга мос равишда тайёрлашга киришди.

– Умуман, вазирлик тизимида давлат тилида иш юритиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб “Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”ни яратиш мақсадида вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислардан иборат таҳрир ҳайъати, қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича унинг шўъбалари иш олиб борди. Ушбу луғатнинг илк маротаба яхлит ҳолда нашрга тайёрланиши муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Зеро, қадимий деҳқончилик маданиятига эга бўлган халқимизнинг тадрижий ривожланиши шу соҳа билан бевосита боғлиқлиги кўҳна тарих саҳифаларида муҳрланган.

Таъкидлаш керакки, уни тайёрлашда Ўзбекистон миллий энциклопедияси, Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Ёш деҳқон энциклопедияси ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича мавжуд луғатлардан, шунингдек, хорижий нашрлар ва манбалардан фойдаланилди. Манбаларни тўплаш, таҳлил қилиш ва луғатни шакллантиришда вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислар, айниқса, Тошкент давлат аграр университетининг бир қатор жонкуяр ва фидойи профессор-ўқитувчилари ҳамда “Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижод уйи жамоаси жонбозлик кўрсатди.

– Ушбу луғатда қадимдан қўлланилиб келган соҳага оид кўплаб сўзлар ва атамалар асл мазмуни билан танишасиз, ҳозирги пайтда кундалик фаолиятимизда фойдаланиб келинаётган сўзлар ҳамда сўнгги йилларда кириб келган янги терминлар маъносини билиб оласиз, – дейди вазирлик ахборот таҳлил мультимедиа бўлими бош муҳаррири Отамурод Абдуллаев. – Қишлоқ хўжалиги соҳасига оид бу луғат иқтисодиётнинг мазкур тармоғида фаолият юритаётган олим ва мутахассислар, профессор-ўқитувчи ва талабалар, фермерлар ва агротадбиркорлик билан шуғулланаётган барча юртдошларимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.

“Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”нинг мазкур тўплами бу борадаги дастлабки қадам бўлиб, унда айрим жузъий камчиликлар учраши табиий. Келгуси нашрларда уларни таҳрир этиб, тўпламни янада такомиллаштириб бориш режалаштирилган.

М.Қосимова, ЎзА