Мобиль телефонлар нафақат алоқа, балки молиявий операцияларни бажариш воситасига айланиб бормоқда. Чунки турли банк хизматлари, мобиль иловаларни телефон рақамига улаб, турли хизматларга пул ўтказаётган юртдошларимиз кўпайди.

Аммо гоҳида телефон рақамини янгилаган шахслар эски рақамига уланган хизматларни ўчиришни эсдан чиқармоқда. Оқибатда эса қачондир ўша рақамни расмийлаштириб олган кишиларга аввал уланган хизматлар орқали шахснинг банк картасига доир маълумотлар ошкор бўлмоқда.

Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, суд амалиётида айнан шундай ҳолат учраган. Яъни, телефондаги мобиль илова орқали ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Нукус тумани суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр мажлисида 2004 йилда туғилган судланувчи А.Д. 2022 йил декабрь ойида янги SIM-карта сотиб олиб, ушбу карта орқали жабрланувчи Б.Г.нинг пластик картаси “Сlick” мобиль иловасига уланиб турганидан хабар топган.

Ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда талон-торож қилиш мақсадида 2023 йил январь ойидан июль ойига қадар унинг пластик картасидан жами 2 миллион 214 минг сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказган.

Судланувчи бу хатти-ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган.

Суд мажлисида судланувчи А.Д. ўзига эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдирган. Суд ҳукми билан судланувчи А. Д. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилди.

Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланиб, шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА