Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, банк томонидан жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида тижорат банклари муассасаларида мижозлар билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилаётгани юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор банкларнинг жойлардаги муассасалари томонидан қоидабузарлик ҳолатлари кузатилган.

Аниқланган қоидабузарлик ҳолатларидан 48 фоизи кредит, 29 фоизи омонат ҳамда 23 фоизи банк карталари билан боғлиқ амалиётларга тегишли.

Бунда қоидабузарликларнинг асосий қисми кредитлар ва омонатлар тўғрисида қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ахборотларнинг тўлиқ тақдим этилмаслик ҳамда карта орқали тўловлар қабул қилинмаслик ва банк кассасидаги терминаллар орқали нақд пул берилмаслик кабиларни ташкил этган.

Ушбу ҳолатлар мавжуд бўлган банкнинг бошқарув органлари томонидан банкнинг репутацион хатарларини самарали бошқаришга эътибор қаратилмаётгани билан ифодаланади.

Марказий банк келгусида ҳам барча тижорат банклари муассасаларида ва банкларнинг масофавий хизмат кўрсатиш тизимларида мижозлар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан мунтазам равишда назорат тадбирлари амалга ошириб борилиши ҳамда назорат тадбирлари натижаларига асосан қоидабузарликка йўл қўйган банкларга нисбатан жарима жазо чораларини қўллаб, бу ҳақда ушбу банкларнинг номларини кўрсатган ҳолда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилишини маълум қилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА