Ўзбекистон Бадиий академиясида Бадиий академия ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)ни муваффақиятли тамомлаган илк битирувчиларга битирганлик тўғрисидаги сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов очиб берди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий тасвирий ва амалий санъатимиз истиқболини белгилаб берган ҳужжат бўлди.

2020 йил 15 декабрь куни Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академиси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маҳорат устахоналарига истеъдодли ёшларни саралаб олишда танлов эълон қилинди ва  республика миқёсида 10 нафар муносиб иқтидорлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли рассомлар, академиклар, соҳа дарғалари иштирокида танланди. 2022 йил январидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)  фаолият бошлади.

Олий рассомлик курсида 10 нафар стажёр-тадқиқотчи ўқиб, ўзига бириктирилган ижод устахонасида ижодий раҳбар қўли остида билим ва тажрибаларини орттирди.

Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)нинг илк битирувчилари фаолият даврида (рангтасвир, миниатюра ва графика йўналишларида) жами 300 га яқин бадиий асар яратди. Ўз ижодий асарлари билан республика ва халқаро кўргазма, биенналелар доирасида шахсий ва гуруҳ кўргазмаларини намойиш этди.

Шунингдек, улар мўйқаламига мансуб бадиий асарлар халқаро миқёсдаги альбом, монография ва каталогларга киритилди. Бундан ташқари, хорижий ижодий сафарларларда бўлиб, жаҳон музейларида сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишди.

Тадбир якунида сўз олган битирувчи рассомлар Рассомлик маҳорат устахонасида устозлардан олган сабоқлари унутилмас мактаб бўлганини таъкидлаб, ўз дил сўзларини изҳор этди.

Гулноза Бобоева, ЎзА