Ҳуқуқий муносабат

Дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун ходимнинг ёзма аризаси билан ҳар йили меҳнат таътили берилади. Таътил давомида ўртача иш ҳақи ва лавозим сақланади. Барча ходим, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳам йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.

Меҳнат кодексининг 229-моддасида ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш назарда тутилган.

Шунингдек, ходимлар қуйидаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга.

Жумладан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда, ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётганда, агар қонунчиликда бундай мажбуриятларни бажариш учун ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса, жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Қуйидаги тоифадаги ходимларга ёши ва соғлиғининг ҳолатига қараб, асосий узайтирилган таътил берилади: 

18 ёшгача бўлган шахсларга – 30 календарь кун; 

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга – 30 календарь кун; 

Давлат органлари ходимларига – 27 календарь кун. 

Шунингдек, бошқа тоифа ходимларга ҳам уларнинг меҳнат вазифалари ўзига хослигидан келиб чиқиб, узайтирилган таътиллар берилади.

Жамоа шартномаси ва келишувлари, шунингдек, ички ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси билан кўпайтирилган муддатлар белгиланиши мумкин.

Меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган, ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ёки битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга қўшимча таътиллар берилади.

Хусусан, бир ташкилотда ишлаган ҳар 5 йил учун ходим таътилига 2 календарь кун қўшилади. Аммо қўшиладиган кунлар сони 8 календарь кундан ошиб кетмаслиги керак.

Гулноза Бобоева, ЎзА