Сўнгги йилларда мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишда соҳага оид амалга оширилган қатор ишлар кўрсатилди. Дунёнинг турли кўргазма саройларида мамлакатимиз миллий павильонлари иш бошлади. Тарихий объектларимиз жаҳон саҳнасида муносиб ном олмоқда.

Шунингдек, пойтахтимизда ҳам маданиятни ривожлантиришга бағишланган йирик анжуманлар ташкил этилмоқда. Масалан, куни кеча Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театр саҳнасида бўлиб ўтган Пётр Илич Чайковскийнинг асл мусиқаси асосида қайта сайқал берилган “Қарсилдоқ” балетининг илк намойишини қайд этиш мумкин.

Сеҳрли саҳна томошаси янги йил шодиёналари арафасида хотирада ёрқин қолувчи маданий тадбирлардан бирига айланди, дейиш мумкин.

Саҳналаштиришларнинг 200 йилдан зиёд тарихи мобайнида “Қарсилдоқ” асари воқеалар ривожи турли-туман талқинларга учраган. Илк маротаба спектакл Тошкентда 1993 йилда намойиш этилган эди. Мазкур ижро Алишер Навоий номидаги Катта театр саҳнасида ўттиз йил давомида ижро этиб келинди.

Жорий йилда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан миллий балет санъаткорлари учун ушбу балет спектаклининг янги шакли тақдим этилди.

Рус хореографи Максим Петров спектаклнинг анъанавий байрамона мавзусини сақлаб қолиб, қаҳрамонларни сеҳрли ғаройибот оламига ғарқ қилдиришга интилган ҳолда “Қарсилдоқ”нинг янги сайқалда саҳналаштирди.

Спектакл томошабинларни рақсларда хиром айловчи қор парчалари, Муз қироллигига саёҳат ҳамда Қарсилдоқ билан учрашувга лиммо-лим мўжизалар ва хаёлот оламига равона қилдирди. Таъсирчан саҳна безаклари, башанг либослар ҳамда замонавий технологиялар томошабинларни асло бефарқ қолдирмади.

Тадбир россиялик саҳналаштирувчилар ва Алишер Навоий номидаги Катта академик театрнинг бадиий жамоаси, Успенский номидаги мусиқа мактабининг Болалар хори, “Булбулча” болалар хор ва рақс ансамбли ҳамда А.Кабдураҳманов бошчилигидаги Миллий симфоник оркестрининг қўшма ижодий ҳамкорлиги натижасига бой ўтди.

Б.Худойбердиев, ЎзА