Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Хитой Халқ Республикасининг “Sichuan Metallurgical Control Group Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев дастлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни орттириш борасида қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар мазмун-моҳиятига тўхталди.

Учрашувда республика ҳудудида янги инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш, бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш, Хитой-Ўзбекистон, шунингдек, Қорақалпоғистон билан бирга ўрнатилган алоқаларни янги босқичда давом эттириш, Оролбўйида тоғ-кон саноатини ривожлантириш, металл рудаларини қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳалар тўғрисида сўз юритилди.

Шу жумладан, Фуцзянь провинциясининг “Sichuan Metallurgical Control Group Co., Ltd.” компанияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасига дастлабки босқичда 35 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали олтин ва мисни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи амалга оширадиган мис кластерини ташкил этиш лойиҳаси доирасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Довуд Абибуллаев, 
ЎзА мухбири