Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган барча заҳматкаш инсонларни, бутун халқимизни қутлуғ байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.

Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.

Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан қадимий анъаналарга эга бўлган ўзбек деҳқончилик мактаби ривожланмоқда, аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини бу йил мамлакатимизда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла, 3 миллион 800 минг тонна пахта, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 26 минг тонна пилла етиштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ана шундай фидокорона меҳнат ва улкан натижалар учун сизларга эл-юртимиз номидан ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди, албатта.

Азиз дўстлар!

Хабарингиз бор, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизда асосий эътиборни сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратмоқдамиз. Шу мақсадда 800 дан зиёд агрокластерлар ташкил этилди. Бугунги кунда пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавот маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғи айнан улар томонидан етиштирилмоқда.

Бу йил дала меҳнаткашларига 10 минг 500 дан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар етказиб берилди. Соҳага рақамлаштириш жараёнлари, томчилатиб суғориш технологиялари, инновациялар жадал кириб бормоқда.

Чўлланиш, ерларнинг шўрланиши ва деградациясига қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳозирги кунгача 500 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилиб, 3 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани ва қарийб 1 миллион гектар ернинг сув таъминоти яхшилангани ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасидир. Жорий йилда қўшимча равишда 100 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, озиқ-овқат экинлари экилгани, мевали боғ ва токзорлар барпо этилгани юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Соҳадаги ана шундай ўзгаришлар жараёнида аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда охирги икки йилда 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 670 минг нафар юртдошимизга танлов асосида берилди. Натижада 2 миллиондан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, қўшимча 3 миллион тонна маҳсулот етиштирилди.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, ресурсларни тежайдиган инновацион технологиялар асосида маҳсулот таннархини 30-35 фоизга тушириш, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларни 1 миллион 500 минг гектарга етказиш, сифатли ва серҳосил навларни, зотдор чорва наслини кўпайтиришга, экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга устувор аҳамият берилади.

Биз ана шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда сизлар каби катта билим ва тажрибага эга, миришкор ва омилкор инсонларга таянамиз.

Ўз навбатида, давлатимиз ва жамиятимиз соҳани янада равнақ топтириш, сизларнинг шарафли меҳнатингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ аҳлининг ҳаётини обод ва фаровон қилиш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларни сафарбар этади.

Сиз, азизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, жонажон юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлидаги эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.

Хонадонларингизни хурсандчилик, тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака ҳеч қачон тарк этмасин!

Доимо соғ-омон бўлинг, азизлар!

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти