Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Адвокатлар палатаси ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда “Йил адвокати – 2023” танлови ўтказилди.

Танловни ўтказишдан асосий мақсад адвокатларнинг фаолиятини баҳолаш билан бирга, соҳадаги ижобий натижаларни тарғиб қилишдир. Шунингдек, уларнинг адвокатлик соҳаси ва одил судловни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини эътироф этишдир.

Қайд этилганидек, танловга қадар саралаш босқичлари ўтказилиб, унда Адвокатлар палатаси аъзоси бўлган адвокатлар иштирок этди. Қабул қилинган аризалар кўриб чиқилди, сараланди ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди.

“Йил адвокати – 2023” танловида олтита номинация бўйича номзодлар кўриб чиқилди.

Жумладан,

– “Санжар Якубов номидаги мукофот” (ҳуқуқ соҳасида юқори профессионаллик ва малака ҳамда ҳимоя соҳасидаги юксак ютуқларни намойиш этган адвокат),

– “Ричард Стоддард номидаги мукофот” (Ўзбекистон Республикаси одил судлов тизимига ижобий ўзгаришларни олиб кириш борасида алоҳида саъй-ҳаракат кўрсатган адвокат),

– “Порлоқ юлдуз мукофоти” (алоҳида ютуқларга эришган 35 ёшгача бўлган адвокат),

– “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимояси учун мукофоти” (аёллар ва болалар ҳуқуқларини зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича алоҳида саъй-ҳаракат кўрсатган адвокат),

– “Заиф гуруҳлар ҳуқуқлари ҳимояси учун мукофоти” (заиф гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида саъй-ҳаракат кўрсатган адвокат),

– “Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун мукофоти” (аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда алоҳида саъй-ҳаракат кўрсатган адвокат) эгалари аниқланди.

Номинация ғолибларини танлашда адвокатларнинг амалий фаолияти, эришаётган ютуқлари ва халқ орасида эришган обрў-эътибори ҳисобга олинди.

Ғолиблар Олий Мажлис Сенати ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА