Тиббиёт хабарлари

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳамда Беларусь Республикаси ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. 27-29 ноябрь кунлари Минск шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форуми” бунинг ёрқин амалий исботи бўлди.

Иккала давлат соғлиқни сақлаш соҳасидаги етакчи мутахассислар, тиббиёт олийгоҳлари раҳбарлари иштирок этган анжуманда икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, тиббиёт олийгоҳлари, вилоят, туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида 100 дан ортиқ меморандум ва келишувлар имзоланди.

Жумладан, форум доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети Беларусь давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Якунда эса СамДТУ ректори Жасур Ризаев Беларусь Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг ёрлиғи билан тақдирланди.

Фармацевтика соҳасидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан мулоқот қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида тизим масъуллари ва маҳаллий фармкомпаниялар вакиллари иштирокида ўтган мулоқотда фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари белгилаб берган топшириқ ва вазифалар ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳозирда юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинса, бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланяпти.

Учрашувда бу соҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш, фармацевтика маҳсулотларининг давлат харидларини ташкил этишда маҳаллий тадбиркорларнинг таклифларини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш борасида фикр алмашилди.

“RADIKS” инвестиция келишувига эришди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “RADIKS” дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона ўртасида инвестиция келишуви имзоланди.

Келишувга кўра, “RADIKS” дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Тashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида янги корхонани ишга тушириб, инекция, инфузион эритмалар, стерил антибиотиклар, таблеткалар, капсулалар, шамлар, шунингдек, инсон инсулини кўринишидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 400 та иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.

2002 йилда ўз иш фаолиятини бошлаган мазкур корхонада бугунги кунда 650 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Корхонада 7 та асосий ишлаб чиқариш: таблетка, гален, малҳам, инфузион, инекция, қуруқ антибиотикларни тарқатиш цехи, бўш ампулалар ишлаб чиқариш цехи мавжуд.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА