Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда келиб тушаётган мурожаатларнинг жойида кўриб чиқилиши аҳолининг адлия органларига бўлган ишончини янада оширмоқда.

– Мана шундай мурожаатларнинг бирида туман тиббиёт бирлашмаси Қумбосган оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Д.Э.нинг иш ҳақига қўшимча устама пули тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Алишер Қадиров. – Натижада Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 16 январда рўйхатдан ўтказилган “Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида”ги низомнинг 13-14 бандига асосан, янги иш бошлаган тиббий олий таълим ташкилотлари битирувчиларига улар ишга қабул қилинган кундан бошлаб ойлик иш ҳақи тўловларига махсус ойлик устамалар қўшимча тарзда тўланиши белгиланган.

Низомда белгиланган устама пуллари, яъни ўрганиш кунига қадар жами 12 миллион сўм миқдоридаги устама пули мурожаат эгасига асоссиз тўлаб берилмаётганлиги маълум бўлди. Ушбу устама пулларини ундириш мақсадида Элликқалъа тумани адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасига  тақдимнома киритилди ва мурожаат эгасининг фойдасига иш ҳақига қўшимча устама пули тўлаб берилиши таъминланди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири