Ўзбек ёш ихтирочиси Жуманазар Абдурозиқов водородда ишлайдиган янги электромобилни яратишга яқин турибди. У Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офисида етакчи илмий ходим сифатида фаолият юритиши баробарида ўзи илмий тадқоқтларини ҳам олиб боради. Беш йиллик изланишлар натижасида янги қурилма яратилди. Эътиборли томони ёш тадқиқотчи фақат Тошкент давлат техника университетининг бакалавр босқичини тамомлаган.

– Метанолдан электр токи ажратиб олиш учун реформерни кўрсатмоқчиман, -дейди ёш ихтирочи Жуманазар Абдурозиқов. – Бу Ўзбекистондаги электромобилларнинг литийли ионли батарейкаларининг ўрнини босиши мумкин. Водородда юрадиган батарейкалар бугун дунёда кенг тарқалган. Фақат водородда юрадиган автомобиллар қуриламаларида босим юқори бўлгани учун бу оммавийлашмади. Биз бунга хавфсиз ечим топдик.

«Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисида»даги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида  келгуси йилларда давлатимиз тараққиётида ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини  қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Шу боис Миллий офисга Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларини таклиф этиш яхши анъанага айланган. Зеро, улар орасида ҳам келгусида Жуманазар каби ёш олимлар чиқса ажабмас. Шу жумладан, стратегияда илмий, амалий, инновацион ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш бўйича йиллик танловлар сонини 20 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Умумий ҳисобда яқин йиллар ичида илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун  1,5 миллиард доллар маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.  

Санжар Тошпўлатов,

Нишонбой Абдувойитов,

Анвар Аҳмедов,

 ЎзА