Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларни кўрганда беихтиёр матонатлилар, жасоратлилар, дегинг келади.

Улар – жисмоний нуқсони бўлса ҳам интилишдан тўхтамайдиган, қалби орзу-умидга, эзгуликка тўла одамлар. Бундайлар орасида болаларнинг  борлиги эса янада ҳайратланарлидир.

Тошкент Фотосуратлар уйида ана шундай жасоратли ва матонатли болажонларнинг расмлар кўргазмаси очилди.

Адлия вазирлиги ва Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда “Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилган расмлар кўргазмаси “Мафтункор ранглар жилоси” деб номланган.

Ангрен шаҳридаги 34-интернат мактаби ўқитувчиси Умринисо Турсунбоева кўргазмадан икки нафар ўқувчиси чизган расмлар ўрин олганини маълум қилди. Улардан бири Зариф Муродалиев бахтсиз тасодиф туфайли айрим бармоқларидан айрилган. Шунга қарамай расм чизиш билан шуғулланади. Янги йил арафасида деразаларга расмлар чизиб, барчани ҳайратга солади. Зумрад Эркинова эса бир ёшлигида жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтказилгани сабабли юра олмай қолган. Ҳозир қўлтиқтаёқда юради. У чизган табиат манзаралари, ҳаёт лаҳзалари акс этган расмлар қизалоқнинг ҳаётга муҳаббати, эзгуликка тўла қалбини ўзида ифода этган.

Айтиб ўтиш керакки, 2018 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

– Акция доирасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг республика савдо ярмаркасини ўтказишга ёрдам бериб келинмоқда, – деди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Енгил конструкцияли магазинларни қуриб ишга тушириш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг сотувига кўмаклашилмоқда. 7-17 ёшдаги ногиронлиги бўлган болалар ўртасида шахмат спорт тури бўйича мусобақалар ташкиллаштирилмоқда. “Чексиз имкониятлар” марафони оммавий югуриш мусобақаларига ногиронлиги бўлган шахсларни жалб қилиш орқали уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилмоқда. “Мафтункор ранглар жилоси” республика кўрик танловида 7-17 ёш оралиғидаги ногиронлиги бўлган болалар ўртасида расм чизиш бўйича мусобақалар ўтказилди. Бугунги кўргазмадан 70 нафар боланинг 204 та расми ўрин олган.

Кўргазма доирасида ҳомийлардан жами 70 миллион сўм пул маблағи келиб тушган бўлиб, ушбу маблағлар кўргазмада иштирок этган болаларга тенг тақсимланади.

Норгул Абдураимова, ЎзА