Давлатимиз раҳбарининг куни кеча имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан очиқликни таъминлаш доираси кенгайтирилмоқда.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига қўшимчалар киритилади. Бу қўшимчалар 2023 йил 1 декабрдан бошлаб амал қилади.

Эндиликда ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлари барча учун очиқ бўлади.

Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар билан ҳам барча танишиб бориши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат), шунингдек, марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар эндиликда очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар билан онлайн танишиш имконияти яратилади.

Очиқлик доирасининг бундай тарзда кенгайтирилиши қайд этилган соҳаларда коррупцияга чек қўйилишига замин яратади.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА