Ҳуқуқий муносабат

Қонунчиликка кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил тушунтириш берди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-7- моддасига кўра, “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан, жумладан, 1 миллион 650 минг сўмдан 2 миллион 310 минг сўмгача, ўн бараваригача миқдорда 2 миллион 310 минг сўмдан 3 миллион 300 минг сўмгача жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисмида қасддан енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача, яъни 660 минг сўмдан 1 миллион 320 минг сўмгача миқдорда жарима солишга олиб келади.

Гулноза Бобоева, ЎзА