USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти томонидан “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасидаги “Комплекс гендер ёндашуви гендер тенглигига эришишнинг самарали воситаси сифатида” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Конференцияда эътироф этилганидек, “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” ҳар йили фуқаролик жамияти ташаббуси билан ўтказиладиган халқаро тарғибот кампаниясидир. У 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунида бошланиб, 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади. Айни пайтда бу аёллар зўравонлигини баҳоли қудрат бартараф этиш йўлидаги ўзига хос эзгу интилишлардан саналади.

Фуқаролик жамиятининг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бошчилигида БМТ Бош котибининг «2030 йилгача аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун бирлашамиз” (UNiTE) ташаббуси аёлларга нисбатан зўравонликни бутунлай тугатиш учун хабардорликни ошириш, аёллар қонуний манфаатларни ҳимоялаш бўйича ҳаракатларни кучайтириш, билим алмашиш ва инновацияларга оид глобал ҳаракатларга чақиради. UNiTE ҳукуматлар, ривожланиш жараёни субъектлари, фуқаролик жамияти, аёллар ташкилотлари, ёшлар, хусусий сектор, оммавий ахборот воситалари ва бутун БМТ тизимини хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашда кучларни бирлаштиришга даъват этади.

2023 йилда UNiTE кампанияси мавзуси “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга сармоя киритиш” ҳисобланади ва энг аввало, зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун турли хил профилактика стратегияларини молиялаштириш муҳимлигига эътибор қаратилади. 16 кунлик фаол ҳаракатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва тўхтатишда аёллар ҳаракати ва уларнинг етакчилигини эътироф этиш, “Ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслик”, инсон ҳуқуқларини устувор билиш, “Зарар етказмаслик” ёндашувини жорий этиш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлатлараро ва оммавий стратегияларни ишлаб чиқиш ва кучларни бирлаштириш каби тамойилларга таяниши билан аҳамиятлидир.

Айни пайтда мазкур тадбирлар аёллар учун адолатли гендер меъёрлар ва фундаментал, барқарор ўзгаришлар динамикасини яратиш ёки мустаҳкамлаш учун гендер роллари, тартиблари ва амалиётлар ҳақида танқидий фикр юритишни рағбатлантиришни кўзлаши билан ҳам диққатга сазовордир.

Мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Шу мақсадда қабул қилинган миллий қонунчилик тизими муттасил тарзда такомиллаштириб борилмоқда.

Анжуманда гендер тенглигига эришишда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, комплекс гендер ёндашувини қўллаш ва самарали гендер сиёсатини юритиш учун маълумотларни тўплаш, таҳлил этиш ва қайта ишлаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик институтларининг фаоллиги, ҳамкорлигини ошириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Дарҳақиқат, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бугунги кунда наинки мамлакатимизда, балки жаҳонда тобора долзарблик касб этаётгани, унинг олдини олишда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги тадбирда алоҳида қайд этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.

Назокат Усмонова,

Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА