Давлат фуқаролик хизматига ишга киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан vacancy.argos.uz портали ишга туширилди.

Бу давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали ҳисобланади.

Портал орқали жорий йилда республиканинг 70 вазирлик ва идора ҳамда 208 туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 19,5 мингга яқин вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилинди.

Ушбу вакант лавозимларга жами 554 минг 187 нафар номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилди.

Миллий матбуот марказида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишнинг очиқ, шаффоф тизими” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари йўналишида – 2 минг 765, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимида – 2 минг 592, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида – 1 минг 974, Ёшлар ишлари агентлиги тизимида – 1 минг 950 марта ўтказилган.

Якунига етган танловлар бўйича 7 минг 471 нафар малакали номзод давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди. Танлов ғолибларининг 2 минг 664 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 2 минг 627 нафари аёллар, 1 минг 211 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этган.

Илғор хорижий тажрибалар ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолардан келиб чиқиб, Агентлик томонидан танлов босқичларини доимий такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда тажрибали экспертларни жалб қилган ҳолда очиқ танловлар жараёнида номзодларнинг билимини синовдан ўтказиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари учун мўлжалланган ягона “Давлат фуқаролик хизматчиси” тест саволлари тўпламини ишлаб чиқди.

Тест саволлари тўплами миллий қонунчилик, давлат тили, ахборот-коммуникация технологиялари, мантиқ, яъни IQ ни ўз ичига олади.

Тест синови давомида номзодга ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан жами 40 та савол ҳавола этилади ҳамда жавобларни белгилаш учун 60 дақиқа вақт берилади. Илгари 40 та саволга 50 дақиқа вақт ажратилар эди.

Саволлар тўплами вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари ва номзодларнинг таклифлари асосида янада такомилига етказилди.

Шунингдек, тестлар тўпламидаги саволлар босқичма-босқич vacancy.argos.uz платформасига жойлаштириб борилмоқда. Айни вақтда ҳар бир саволлар блокидан 20 тагача бўлган саволлар порталнинг “Тест саволлари” бўлимига жойлаштирилди.

Тестлар тўпламидаги саволлар таркиби мунтазам равишда янгилаб борилади.

Жорий йил 1 декабрдан бошлаб танловларнинг тест синови босқичига ягона ўтиш бали белгиланади. Бунда номзод томонидан 56 балл тўпланган тақдирда автоматик равишда унинг порталдаги шахсий кабинетига танловнинг суҳбат босқичига ўтганлиги ҳақидаги хабар келади.

Яна бир муҳим янгилик: эндиликда номзодлар томонидан тест синови жараёнида 56 балл тўпланган тақдирда, улар 3 ой (90 кун) мобайнида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этишлари шарт эмас. Яъни, 1 декабрь куни тест синовига кириб, 56 балл тўплаган номзод 3 ой давомида шу балл билан бошқа вакант лавозимлар учун танловларда иштирок этиши мумкин.

Бунда номзод ҳужжатлари малака талабларига жавоб берган тақдирда автоматик суҳбат босқичига ўтганлиги юзасидан хабар олади. 55 балгача тўплаган номзод ҳар гал ўрнатилган тартибда тест синовида қатнашиши шарт.

Н.Абдураимова, ЎзА