Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан журналист ва блогерлар учун 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Тадбирда вазирлик тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий аксилкоррупциявий тизимларни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг тегишли буйруғи асосида 14 та коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжат тасдиқланган, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Коррупцияга қарши курашиш бўлим бошлиғи Шерали Қўчқоров. – Шунингдек, қурилиш соҳаси ISO 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлган. Коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан вазирликда коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида Жамоатчилик кенгашига ахборот бериш амалиёти йўлга қўйилган. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида уларнинг маълумотларидан эркин фойдаланиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича вазирлик ва ҳудудий тизим ташкилотларида ишонч телефонлари ва бошқа алоқа манзиллари акс эттирилган кўргазмалар  қўйилиши таъминланган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимдаги ҳудудий бошқармаларига 5 маротаба хизмат текшируви ўтказилган. Текширувлар натижасида Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда иш судда мазмунан кўриб чиқилмоқда.

Вазирликнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар буйича алоқа каналларига жорий йилнинг 9 ойи давомида 6 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, коррупцион омиллар аниқланмагани сабабли тегишлилиги бўйича соҳага оид архитектура йўналишидаги масъулларга йўналтирилган.

Вазирлик марказий аппаратида тузилган жами 158 та хўжалик шартномалари таҳлил қилиниб, шундан 56 та контрагентлар бўйича танланма асосида ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш натижасига кўра, ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланмади.

Вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларида коррупциянинг олдини олишга масъул бўлган мутахассислар билим ва малакаларини ошириш, коррупцияга қарши тадқиқотлар натижалари бўйича муҳокамалар ўтказиш, тадқиқот натижаларидан коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқишда фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, тадқиқот ўтказган тадқиқотчилар ва ташкилотлар вакиллари билан коррупцияга қарши чораларнинг таъсирини мониторинг қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Вазирликда лойиҳа ҳужжатларини экпертизадан ўтказиш жараёни тўлиқ шаффоф электрон тизимга ўтказилди. Экспертиза органларига қоғоз ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Ҳозирда экспертизага лойиҳа-смета ҳужжатлари онлайн топширилмоқда.

Тадбирда қайд этилишича, эксперимент тариқасида 2024 йил дастурига киритилган айрим ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида “ҳажм” услубини қўллаш режалаштирилган ҳамда ушбу усулларни жорий қилиш бўйича тегишли норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Эксперимент натижаси бўйича “ҳажм” услубини қурилишнинг бошқа соҳаларига қўллаш ҳамда қурилиш объектларининг умумий сонида “ҳажм” услуби улушини 2025 йилда 50 фоизгача етказиш кўзда тутилган.

Соҳада “Қурилиш назорати” ахборот тизими жорий қилиниб, назорат жараёнлари автоматлаштирилгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Бинобарин, ушбу тизим орқали 2022 йилда 30 мингдан ортиқ объект назоратга олинди. Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан ташқари бир қатор электрон онлайн платформалар ҳам ишга туширилди. “Қурилиш сифати назорати”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси”, “Мақсадли дастурлар мониторинг тизими”, “Огоҳ фуқаро”, “Геопортал”, “Қурилиш материаллари классификатори” тизимлари шулар сирасидандир.

Қурилиш соҳасида давлат хизматлари рақамлаштирилди. Натижада бугунги кунда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома бериш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш, кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлиги тўғрисида маълумотнома бериш каби хизматлар шундай амалга ошириб келинмоқда.

Тизимдаги электрон рейтинг ва тендер ҳақиқий ҳамда тажрибали  пудрат ташкилотларини аниқлашда қўл келмоқда. Хусусан, рейтинг электрон платформасида қурилиш-пудрат ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги тегишли давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Шу орқали уларнинг маълумотлари ҳамда соҳадаги рейтинги шакллантирилади. Ҳозирги кунда ушбу рейтингга 19 мингдан ортиқ қурилиш-пудрат ташкилотлари киритилган. Лойиҳа ташкилотлари рейтинги тизимига эса жами 1 минг 900 дан ортиқ лойиҳа ташкилоти киритилган.

Тендер электрон платформаси туфайли қурилиш соҳасида электрон тендер жараёнларида инсон омили тўлиқ бартараф этилди. Тизим таклифларни ташкилотлар рейтинги асосида ва уларнинг тижорат таклифини автоматик равишда баҳолаган ҳолда ижрочи ташкилотни аниқлайди. Қолаверса, бу тизим турли қоғозбозликлар, харажатларнинг ҳам олдини олади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА