22 ноябрь – Халқаро психологлар куни

Бугун юртимизда 25 мингга яқин психолог фаолият юритади.

Ушбу соҳа вакилларининг вазифалари нималардан иборат? Улар инсонларга қандай ёрдам беради?  

Психолог Нозима Носирова билан суҳбатимиз ана шулар ҳақида бўлди.

– Психолог – бу психология билан шуғулланадиган ва руҳий ҳолатларни, идрок этиш, когнитив, ҳиссий ва ижтимоий жараёнлар ва хатти-ҳаракатларни ўрганадиган касб эгаси. Уларнинг фаолияти одамларнинг бир-бирига ва атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлишини тажриба, кузатиш ва талқин қилишдан иборат, – дейди Нозима Носирова. – Психологлар психологик тест, баҳолаш, шарҳлаш ва ҳисобот бериш бўйича кенг қамровли тренинглардан ўтадилар.

– Психотерапевт ёки психиатрларнинг психологлардан фарқи нимада? Улар одамларни қандай усуллар билан даволайди?  

Психотерапевт – хулқ-атвори бузилган ёки ҳиссий соҳаси бузилган, жамиятга мослашишда қийналаётган, неврозлари бор бўлган одамларга ёрдам беради. Бу бузилишлар чегара ҳолати бўлганлиги сабабли даволашда қўшимча усул сифатида дори-дармонлардан фойдаланилади.

Психиатр – жиддий руҳий бузилишлардан азият чекадиган беморлар билан ишлайди. Одатда дори воситалари билан даволайдиган шифокор.

– Психологларга қандай тоифадаги инсонлар билан ишлаш қийинроқ? 

– Шундай инсонлар тоифаси борки, ўзларининг азоблари, оғриқларини ҳар қандай усуллар билан ҳимоя қилишади. Ёки ҳаётда ўзларини жабрдийда ҳис қилиб яшаш уларга қулай. Бундай инсонлар токсик, яъни ўзларини ва атрофдагиларни заҳарловчи хусусиятга эга бўладилар. Яъни, улар азобланиб яшашга ўрганиб қолган инсонлар, дейилади.

Бундай инсонларда ўзимни жабрдийда қилиб кўрсатсам ҳамма менга эътибор қаратади, яхши юрсам, соғломлигимни билиб қолишса қарамай қўяди, деган ички қўрқув бўлади.

Бундай инсонлар келганида кўпинча мен уларни эшитаман. Улар ўз дардларини юз, қўл мимикалари орқали кўрсатиб беришади. Ғамларини айтаётган пайтда психологик тактикаларимни қўллаб, ўша ернинг ўзида улар билан ўзларига сездирмай ишлай бошлайман. Чиздириш терапияси, ҳозирги пайтда жуда оммалашган нейрографика, карточкалар ёрдамида ҳаёт тарзларини билиб олиб, нимани тузатиш керак бўлса, эътиборимни шунга қаратаман. Уларга жабрдийда бўлмаса қандай ютуқларга эришиши мумкинлигини тушунтираман. Мулоқотлардан сўнг, ҳаётни енгил қабул қилса ҳам бўларкан, деган қараш пайдо бўлади. Яъни уларнинг қалбида ухлаб ётган позитив жараёнларни биргаликда уйғотамиз.

– Психологларга нималар таъқиқланади?  

– Руҳий жиҳатдан носоғлом ҳаёт кечиришга учраган, тазйиқ остига тушиб, боши берк кўчага кириб қолган, ваҳимали ҳолатга тушиб, суицидга мойил бўлган инсонга психологлар томонидан беэътиборлик қилиш таъқиқланади. Психолог бундай инсоннинг муаммоларини йўл-йўлакай ҳал қилиши, уни ерга уриб, танбеҳ бериши асло мумкин эмас.

Бундай тоифадаги инсонларни психологлар ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, даволай олмайди. Аксинча, бундай тоифадаги инсонларни илмий асосланган билимлар орқали даволаш керак. Йўқса, уларнинг дардини оғирлаштириб қўйиш мумкин.

– Кўпинча биз бирор муаммога дуч келсак, ҳаёт курашлардан иборат, деб ўзимизни овутамиз. Ростдан ҳам шундайми?  

– Бу ибора кўпинча халқ тилида қўлланиб келинади. Қайсидир маънода унинг замирида ҳақиқат бор. Сабаби агар ичингизда қўрқув бўлса, ҳаёт сизни қўрқитади. Агар ичингизда тажовуз бўлса, ҳаёт сизга ҳужум қилади.

Бордию уришишни хоҳласангиз дарров рақиблар пайдо бўлади. Агар ичингизда айбдорлик ҳисси бўлса, ҳаёт сизни жазолаш учун йўл топади.

Ҳаёт сизни ичингизда қандай бўлсангиз шундай кўради, атрофдагиларга кўринишни хоҳлаганингиз каби эмас. Шундай экан, ичингизда нима борлигини кузатинг.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА.