Туркиянинг расмий каналларидан бирида шу сарлавҳа остида ахборот берилди. Деярли ҳар куни Ғазо болалари ўлими ҳақида хабарлар чоп этиляпти. Ҳудудда ҳар 10 дақиқада 1 бола ҳалок бўляпти. 45 кун ичида 5 минг ўғил-қиз ҳаёт билан видолашди, 577 нафар гўдак ҳаётдан кўз юмди. Ижтимоий тармоқ болалар ўлими, фожиали воқеалар тафсилоти билан тўлиб кетган: ўқишга, фото ёки видео лавҳаларни кўришга кишининг юраги бетламайди.

“The New York Times” газетасида эълон қилинган “Уруш Ғазони болалар қабристонига айлантирди” мақоласи 9 ёшли Холиднинг ҳикоясига асосланган. Холид кўз ўнгида онаси, отаси, укаси ва синглисини йўқотди, оиладан 7 ёшли укаси Тамер билан ўзи омон қолди. Холид ака-укалари жасадини қандай таниб олгани ҳақидаги “марсия”ни ўқиш жуда оғир. Маҳаллий журналистлар Холид оиласи билан 22 октябрь куни ўққа тутилган икки бинода яшаганини ёзишади. Дайр ал-Балоҳга ҳужум оқибатида 68 хонадон оила аъзолари билан бирга ётоқда ухлаб ётган ҳолда ҳалок бўлган. “Биз ҳеч қачон бунча кўп бола ўлганини кўрмаганмиз – даҳшатли манзара”, – дейди Ал-Ақсо касалхонаси ходими Ёсир Абу Амар.

Ғазоликлар олдинги урушларда, ҳаво ҳужуми пайти, бомба тушганда ҳаммаси бирданига ўлиб кетмаслиги учун, фарзандларини турли хоналарга жойлаштириб, барча болалари ўлимининг олдини олишга ҳаракат қилган экан. Айрим ота-оналар фарзандларини шаҳарнинг бошқа чеккасидаги қариндошиникига юборишган, зора фарзандини ўлимдан сақлаб қола олса. Оила бошлиқлари шундай қўрқинч, даҳшат ичра тунларни ўтказишади. Қирғин худди болаларга қарши қаратилган урушга ўхшайди. Улар ҳаёти давомида бошқа болаларга ўхшаб ўйинчоқ ўйнамаган.

Бола ҳуқуқлари Бутунжаҳон декларациясида “Бола туғилган кунидан бошлаб исм қўйилиш, фуқароликка эга бўлиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган. Ғазо болалари ота-оналари қўйган чиройли исмларини бугун қўлларига ёзишмоқда – мабодо ҳужум нишонига айланса, уйсизлар қабристонига дафн қилинмаслиги учун. Улар кутилмаганда уруш қурбони бўлиши мумкинлигини болаларча тафаккур билан англаб етяпти.

БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларациясида “Бола ҳар қандай шароитда ҳимоя ва ёрдамдан биринчи бўлиб фойдаланади” дея таъкидланган. Афсуски, болаларни Исроил қирғинидан ҳимоя қилиб бўлмаяпти, омон қолганлар ҳам очлик ёки уй-жой муаммосига рўбарў келмоқда.

ОАВ орқали боланинг гапига ҳеч қулоқ тутганмисиз? Кўринишидан ёш бола-ю, ҳаёт улғайтириб қўйгандек – юрагидаги дард кўзларида ҳам зоҳир. Улар ҳайқиришга – урушсиз дунё болалари каби ўқишга, бахтли болаликни кечиришга ҳақи борлиги ҳақида оламга жар солишга уринмоқда. Билъакс, уларнинг овозини ҳеч ким эшитмаётгандек, гўё.

Ғазода соғлиқни сақлаш тизими издан чиққан. Болалар бедарак йўқолмоқда, вайрона остидан жасадларни топиб бўлмаяпти. Шунинг учун ҳам ҳудудда ҳаётдан кўз юмган болаларнинг аниқ сонини билиш иложсиз.

“Мен урушдан қўрқаман, чунки дўстларимнинг ярми шаҳид”, дейди ёшгина қизалоқ. Бир она айтади: Улар ўз ёшидан каттароқ, улар энди бола эмас…

Кенжа Бекжонов,

ЎзА