Самарқандда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро форум бошланди.

Унда 20 дан ортиқ давлатдан 40 га яқин хорижий меҳмонлар  –  Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Аёллар тараққиёти ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси  ва тузилмалари мутасаддилари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига  аъзо давлатларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи давлат органлари раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг видеомурожаати тинланди.

Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг гуманитар, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари доктор Тариг Али Бахит, Ўзбекистон  Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.

Форум оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари