Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида сўзлаган нутқида жумладан, шундай таъкидлади:

– Дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда, глобал миқёсда қайта шаклланмоқда. Айни мураккаб жараёнда салмоқли таъсир кучига эга ташкилотимиз таркибидаги давлатлар ҳамжиҳат ҳаракатланиши, вужудга келаётган хавф-хатар, таҳдидларга самарали қарши туриши жуда муҳим.

Таҳлилларга кўра, глобал инқирозга қарамасдан, ИҲТ иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатини намоён этмоқда. Масалан, сўнгги олти йилда Ўзбекистон  ялпи ички маҳсулоти ҳажми 1,5 ярим баробар кўпайди. Мамлакат 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични яна икки баробар оширишни режалаштирмоқда. Бунга, аввало, “яшил” иқтисодиёт ва замонавий инфратузилмани барпо этиш, хусусий секторни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш, фаол равишда хорижий инвестиция жалб этиш ҳисобига эришиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон ИҲТнинг асосий ҳужжати – “Истиқбол-2025” ижроси сарҳисобини қўллаб-қувватлайди. Шу нуқтаи назардан Президент “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари-2035” янги ҳужжати учун мамлакатимиз таклифларини илгари сурди.

Ўзаро савдони рағбатантириш

Ўтган йил мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақам ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизига тенг.

– Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уриниш кутилган самарани бермаяпти, – дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти. – Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов, муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳолатни очиқ тан олишимиз зарур, ижобий томонга ўзгартириш учун, вазиятга янгича қараш билан ёндашишимиз керак.

Давлатимиз раҳбати ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чорлади. Мазкур ҳужжатда товар ва хизмат савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидасини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, айни чора-тадбирлар ёрдамида 2035 йилга бориб ўзаро савдо миқдориини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.

Ўзаро транспорт-коммуникация занжирини кенгайтириш

“Биз Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақалари йирик бозорлари билан боғлайдиган ва ҳудудимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўллари ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатига мос.

Мамлакат етакчиси Тошкентда 2 ноябрь куни бўлиб ўтган Транспорт вазирлари йиғилишида “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақирди.

Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия билан юк ташиш ҳужжатларини рақамлаштирди, бошқа давлатлар билан ҳам айни жараёнга киришилган. Республикамиз Президенти бундай замонавий тизимларни кенг жорий қилиш ҳамда самарали мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида ИҲТ нинг Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Саноат кооперацияси ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, индустриал хабларни шакллантириш

Ўзбекистон ўзаро инвестиция оқимини тезлаштириш ва ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, ИҲТ Котибиятига тақдим этди. Мазкур ҳужжатда кимё, энергетика, геология, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида янги қўшма лойиҳалар илгари сурилиши мақсад қилиб қўйилган.

“Бу эзгу йўлда ташкилотнинг Савдо ва тараққиёт банки билан шериклик кўламини кенгайтириш тарафдоримиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Саммит олдидан Тошкентда ўтган Савдо-саноат палаталари ва кўплаб компаниялар раҳбарлари иштирокидаги бешинчи бизнес-форум хусусий секторда улкан салоҳиятга мавжудлигшини яққол кўрсатди.

“Биз ташкилотимиз доирасида Ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиш ва дастлабки тадбирни 2024 йил юртимизда ўтказиш таклифини илгари сурамиз”, – деб таъкидлади Президент.

 Энергетика хавфсизлигини кафолатли таъминлаш 

Ўзбекистон  2030 йилгача 25 ГВт қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш ва тегишли балансдаги улушни 40 фоизга етказишни мақсад қилган. Шу йилнинг ўзида мамлакат 2 ГВт қувватга эга йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга туширади ва “яшил водород” ишлаб чиқариш соҳасида ҳам илк қадамларни қўяди.

“Айни йўналишда барча давлатлар билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашишга тайёрмиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва ишни тизимли асосда олиб бориш учун Президент ИҲТ доирасида алоҳида Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этишни таклиф қилди.

Иқлим ўзгаришига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича алоқаларни жадаллаштириш

Президент ИҲТ доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш ғояси қўллаб-қувватлангани учун ташаккур изҳор этди. Ўзбкистон мана шундай биринчи анжуманни 2024 йил Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этишга тайёр.

Давлатимиз раҳбари ИҲТ вакилларини келгуси ҳафта юртимизда ташкил этиладиган БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишида фаол иштирок этишга чорлади.

Туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш

ИҲТ маконида ЮНEСКОнинг 90 га яқин Жаҳон мероси объектлари жойлашган бўлиб, мамлакатлармизга ҳар йили салкам 80 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрмоқда.

“Трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутлар жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” туризм бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтиришни таклиф этаман” – деди Президент.

Ўзбекистон етакчиси ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатлар туризм маъмурияти ва етакчи экспертлардан иборат алоҳида Туризм бўйича маслаҳат қўмитаси ташкил этиш таклифини билдирди.

“Тузилманинг илк учрашувини келгуси йил ИҲТ туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказишга тайёрмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали дўст халқларимизни янада яқинлаштириш

Мамлакатларимизда навбат билан Маданият, санъат ва кино ҳафталиклари ўтказилишини, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда шерикликни кучайтириш ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги алоқалар ривожига кучли туртки беради.

Яқин Шарқдаги Фаластин – Исроил уруши тўғрисида

– Минг афсуски, қонли низо оқибатида, энг аввало, бегуноҳ аҳоли вакиллари, айниқса, жуда кўпа ёллар, болалар ва кексалар қурбон бўлмоқда – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора равшан тус олмоқда. Қарама-қаршилик кенг кўламли можарога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, тинчлик учун музокарани бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.

“Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз”, – дея қўшимча қилди давлатимиз раҳбари.

Президент саммит ИҲТ аъзоларидан бири – Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига диққатини қаратди.

– Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўп миллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди, – дея масалага урғу берди Ўзбекистон етакчиси. – Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир.

Давлатимиз раҳбари якунда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтириш, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизм асосида ҳал этишга даъват этди.

ЎзА