Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорларининг йиғилишида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Хитой Олий халқ прокуратураси Бош прокурори Ин Юн билан учрашди.

Учрашувда томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди. Шунингдек, уни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

Тадбир якуни бўйича Ўзбекистон-Хитой идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида томонлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида 2024 – 2025 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолади.

Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Хитой прокуратура органлари ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини қайд этди. Қўшма тадбирлар орқали унинг амалий фаоллашувига туртки бўлишига ишонч билдирди.

Учрашув дўстона муҳитда ва конструктив мулоқот руҳида ўтди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА