Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 3 ноябрь куни Ғазодаги шифохоналар яқинида содир этилган ҳужумларни кескин қоралади. Баёнотда айтилишича, “Aл-Шифо” мажмуасига уюштирилган ҳужум чоғида тез ёрдам машиналари оғир яраланганлар ва беморларни Ғазо сектори жанубига кўчирган.

– Дастлабки маълумотга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 60 дан зиёд инсон жароҳатланган, – дейилади хабарда. – Касалхона инфратузилмаси ва тез ёрдам машинаси шикастланган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш тизими масъуллари ярадорлар ва беморларни касалхонадан олиб кетаётган тез ёрдам машиналари карвони хавфсизлигини талаб қилган.

Таъкидланишича, шу куни “Aл-Қудс” касалхонасига қарата икки бор ҳужум чоғида камида 21 киши жароҳатланган, Индонезия шифохонаси яқинида ҳам  ҳужум содир этилган.

– Соғлиқни сақлаш соҳасига, жумладан шифохонага ҳужум, дори-дармон, ёнилғи, сув каби зарур ёрдам етказиб берилишини чеклаш халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилиши ҳисобланади, – дея хулоса қилинган ҳисоботда. – ЖССТ зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақириб, барча тиббиёт ходимлари, беморлар, тиббий транспорт воситалари ва муассасаларини ҳимоя қилиш лозимлигини таъкидлайди.