Бугунги кунда халқаро муносабатлар давлатлар ўртасидаги алоқаларни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой муносабати қадим тарихга эга. Ҳар икки халқ узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой тарихий меросга эга.

Буюк Ипак йўли каби савдо йўллари азалдан минтақаларни бирлаштириб турган. Бу йўл тинчлик, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги ҳамкорлик, очиқлик рамзидир. Шундан буён Ўзбекистон ва Хитой дўстлик, маданий бойлик билан бўлишиб келяпти.

Бу икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабат 1992 йил, ХХР мустақиллигимизни тан олган пайтда ўрнатилган. Ўшандан буён ҳамкорлик ривожланмоқда. Айни жараёнда турли келишувлар, хусусан 2012 йил  имзоланган Ўзбекистон ва Хитой  стратегик ҳамкорлиги тўғрисидаги Битим муҳим ўрин эгаллайди.

Хитой Ўзбекистоннинг муҳим  савдо  шериги ҳисобланади. Ҳар икки мамлакат савдо ва инвестиция соҳасида жуда фаол. Лойиҳалар “Ипак йўли иқтисодий макони”, “Бир макон, бир йўл” доирасида темир йўл, энергетика ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини назарда тутади. Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда – ўзаро савдо миқдори 8,3 миллиард долларга тенг.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган стратегик шерикликни ривожлантириш дастури қабул қилинган. Мамлакатларимиз аро 2000 йиллар олдин шаклланган ҳамкорлик йўллари товар, маданият ва билим алмашинувини таъминлаб келмоқда. Қадимда Сихань, Тан, Мин каби машҳур сулолалар Ўзбекистон ҳудуди билан изчил алоқа қилган.

Ўрта асрлар империялар бир-бири билан муносабат ўрнатганини тарих тасдиқлайди. Хитой Эрон ва Византияга олиб борувчи асосий савдо йўлларини назорат қилган қудратли Эфталит давлати билан дипломатик алоқани фаол ривожлантирган. Мин сулоласи даврида Соҳибқирон Амир Темур Хитой билан яқин савдо-иқтисодий муносабатни сақлаб, ўз куч-қудратини кенгайтирган.

Турли хил маданий ва тарихий анъаналарга қарамай, бу икки халқнинг мавжуд ўхшаш ва умумий анъаналари шерикликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Масалан, Хитойда  меҳмон кутиш “чали” – чой одоби, муҳим масалалар муҳокама қилинадиган расмий учрашув “чахуэй” – чой йиғилиши деб аталган. V асрда Хитойда чой жуда оммалашиб, сепнинг  асосий қисмига айланди. Куёвнинг келинга чой юбориш маросими “сяча”,  келин томонидан бу қимматбаҳо совға қабул қилиниши “шоуча” дейилган.

Ўзбеклар чой ичишини анъана, деб бўлмайди. Бу Шарқда ҳар бир киши ҳаётининг ажралмас қисмидир. Чой ичиш маросими ўзбек маданиятида муҳим роль ўйнайди, ҳар бир ўзбек меҳмонни чой билан илиқ кутиб олади. Хонадон эгаси меҳмонга узатишдан олдин, иссиқ чойи уч марта қайтаради ва кейин узатади. Бир қарашда ғалати туюладиган бу урф, биринчидан, чой янада мазали бўлишида муҳим аҳамиятга эга, иккинчидан уй эгаси ва меҳмон орасидаги чуқур ҳурмат, соф муносабат рамзи ҳам ҳисобланади.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни алоҳида қайд этиш жоиз.

Кейинги пайтда жуда кўп ўзбек ёшлари хитой тилини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда ва хитойликлар ҳам ўзбек тилини ўрганмоқда. Бу билим ва маданий алоқа алмашинувига хизмат қиляпти. Масалан, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ҳузурида ташкил этилган Конфуций номли институт хитой тили ва маданияти марказига айланди.

Айни дам Хитойда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ҳам юқори. Марказий миллатлар, Пекин хорижий тиллар, Шанхай халқаро тадқиқот университетларида тилимиз муваффақиятли ўқитиляпти. Яна бир нуфузли таълим муассасасида эса ўзбек тили кафедраси фаолият юритмоқда. Айни қизиқиш юртимизда таҳсил олаётган хитойлик талабалар сони ортишида ҳам  намоён бўлмоқда.

Биз савдо ва инвестиция, инновация ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантирмоқчимиз. Бинобарин, ушбу жараёнда минтақавий  рақобат, суверенитетни сақлаб қолиш, инфратузилмавий мураккаблик ва манфаатни мувозанатга солиш каби чақириқлар юзага чиқиши табиий. Ҳамкорликда муваффақиятга эришиш учун ҳар икки томондан пухта режалаштириш, дипломатик саъй-ҳаракат олиб бориш талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги турли маданият, тил анъаналари халқаро муносабат ривожига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигининг жонли намунасидир.

Абдуазиз Хидиров, ЎзА