Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан қўлбола усулда тайёрланган, сифати кафолатланмаган, қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётган яширин цех фаолияти фош этилди.

Божхона органлари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва айланмада бўлишига қарши чора-тадбирлар тизимли равишда давом этмоқда. Аҳоли саломатлигига жиддий хавф солувчи сифатсиз тайёрланган алкоголь маҳсулотларини аниқлаш ва уларни ишлаб чиқараётган яширин цехлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида бошқарма томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Нукус шаҳридаги “Бўз овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилди.  Натижада фуқаро Н. Абибуллаева(Исм-фамилияси ўзгартирилган) томонидан ижарага олинган ушбу хонадондан қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун “яширин цех” сифатида фойдаланилиб келинаётганлиги фош этилди. Унда қўлбола усулда тайёрланган ва қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган жами 705 литр “Қаратау” ёзувли ароқ маҳсулоти, 640 литр “Антисептик” ёзувли спирт, 3597 дона қалбаки акциз маркаси, 2187 дона шиша капсуласи, 965 дона шиша идиш қопқоғи, 4 рулон этикетка, 20 литр фильтрланган сув, 1 дона муҳр борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири