Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь, Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасида жойлашган бир қатор корхоналар билан танишди.

Саноат зонасининг ер майдони олти гектар бўлиб, муҳандислик инфратузилмаси яхши ташкил этилган, транспортга жуда қулай. Шу боис ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда.

Ҳозир бу ерда қурилиш материаллари, мебелсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати йўналишидаги 11 та лойиҳа жойлаштирилган. Шундан тўрттаси ишга туширилган бўлиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Давлатимиз раҳбари улардаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди.

“Pegas” корхонасида темирни қайта ишлаш, лак-бўёқ, эшиклар ҳамда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилди. Корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб юқори. Кейинги босқичда қурилиш соҳасида муҳим саналган бошқа хомашёлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна шунча янги иш ўрни яратилади.

“1-сон комплекс лойиҳа қурилиш-монтаж” хусусий корхонаси ҳам қурилиш материалларига ихтисослашган. Умумий қиймати 18,5 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа йилига қарийб 2 миллион квадрат метр профнастил ва 250 минг квадрат метр сэндвич панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада ҳозирда 45 киши меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажми ортиши эвазига келгусида иш ўринлари сони кўпайиши мўлжалланмоқда.

“Karshi W and D Factory” корхонасида 50 турдаги эшиклар, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳага 8,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, Германия, Туркия ва Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Корхонада 26 та янги иш ўрни яратилди.

Саноат зонасида яна еттита инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улар ишга тушса, яна 725 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Президентимиз шу ерда Хитой давлатидан келтирилган замонавий автобус ва микроавтобусларни кўздан кечирди. Тадбиркор Нарзулло Намозовнинг айтишича, 60 ўринли автобусларга талаб юқори. Қашқадарёга ундан 30 та олиб келинган, жами 100 тага етказиш режалаштирилган. Келгусида бундай қулай автобуслар Қарши – Шаҳрисабз ва Қарши – Китоб йўналишларида қатнай бошлайди.

Давлатимиз раҳбари ҳунарманд-тадбиркор Дилором Қувватова билан ҳам мулоқот қилди. Узоқ йиллар хорижда ишлаган бу аёл тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни эшитиб, юртимизга қайтиб келган. Бугун унинг бошчилигида тикилаётган кўрпа-ёстиқ, тўн ва бошқа маҳсулотлар воҳада харидоргир.

Д.Қувватова тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан мамнунлигини, келгусида иш ўринларини 300 тага етказишни мақсад қилганини айтди.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2024 йилга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, келгуси йил тўғридан-тўғри хорижий сармоя ва кредитлар эвазига жами 4 миллиард долларлик 36 та йирик лойиҳа, 656 миллион долларлик 114 та ҳудудий лойиҳа шакллантирилган. Улар нефть-газ, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва қурилиш саноати, туризм, қишлоқ хўжалиги тармоқларида бўлиб, асосан, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлашдаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган.

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Дунёда зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бефарқлик, ўзибўларчилик кайфияти билан ривожланиб бўлмаслиги таъкидланди.

– Мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, янги бозорлар, инвестиция, иш ўринлари, катта-катта тушумлар керак. Жаҳон бозоридаги тебранишлар, ҳамкор давлатлардаги савдо чекловлари давом этаверса, маҳсулотларни қаерга ва қандай сотиш керак? Бунинг учун қайси корхонага қандай кўмак бериш зарур, – дея саволлар қўйди Шавкат Мирзиёев.

Шу нуқтаи назардан, йиғилишда асосий эътибор саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди.

Масалан, Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида 100 гектар ер бўш турибди. Тадбиркорлар уларга 300 миллион доллар инвестиция киритиб, 3 минг 500 та иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққан. Шунингдек, гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 50 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш имконияти бор.

Давлат раҳбари Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини айтди. Вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда ўсиш суръатлари республика кўрсаткичидан 3 баробар кам. Айниқса, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши энг охирги ўринларда.

Масалан, Қашқадарёда йилига 150 минг тонна полиэтилен грануласи ишлаб чиқарилса-да, унинг атиги 4 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланади. Қамашида цемент, гипс ва мармар, Шаҳрисабз туманида графит, Яккабоғда кварц қуми, Чироқчида марганец, Китобда доломит ва чинни конлари негизида кўп маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.

Вилоятда йилнинг тўрт мавсумида ҳам туристларни жалб қилиш салоҳияти бор. Лекин бу ҳозир Шаҳрисабз шаҳри ва тоғли туманлар билан чегараланган. Йил бошидан бери Қашқадарёга 180 минг нафар хорижий сайёҳ келгани ҳолда, қўшни Самарқанд ва Бухорога 3,5 миллион келган.

Давлатимиз раҳбари қулай инфратузилма яратиб, туристларни кўпайтириш йўлларини кўрсатиб ўтди.

Хусусан, германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз туманидаги 3 та туризм маҳалласи мастер-режаси тайёрланган. Бунда 450 миллион доллар қўшимча инвестиция ва йилига 1 миллион сайёҳ жалб этадиган инфратузилма яратилади. Архитектура ечимлари қўллангани учун тадбиркорларда соҳага иштиёқ кучайди. Бунинг ҳисобидан Шаҳрисабзнинг ўзида йилига қўшимча 500 миллиард сўм тушум кутилаяпти, 5 мингта янги доимий иш ўрни пайдо бўлаяпти.

Шу мақсадда Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси йўлга қўйилади. 1 январдан бошлаб, у ердан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятларига маҳаллий рейслар кўпайтирилади. Тошкент – Қарши йўналишида авиарейслар ҳафтасига 2 мартадан 7 мартага оширилади. Натижада авиачипталар нархи 2 баробар арзонлашиши, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар 3 баробар кўпайиши мўлжалланган.

Шунингдек, вилоятга автотранспортда келишни қулайлаштириш мақсадида “Тахтақорача” довонидан ўтиш талаблари енгиллаштирилади. Келгуси йилда довонда янги тоннель ва йўл қуриш лойиҳаси бошланади. Самарқанд билан Шаҳрисабзни боғловчи 30 километр йўл ҳамда Ғузор – Бухоро йўлининг 100 километр қисми таъмирланади.

Умуман, келгуси йилда хорижий сайёҳларни 500 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам салоҳият катта. Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради. Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, бунинг ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин.

Шу боис келгуси йилда вилоятда 370 миллион долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.

Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда 1,4 миллион гектар яйлов бор. Бу – 7 миллион бош қорамол ва қўй-эчки учун табиий озуқа базаси. Лекин Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида майса йўқ.

Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастури амалга оширилиши айтилди. Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг “Ассаф” қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади.

Мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент экинларни сув билан таъминлаш масаласи йилдан-йилга қийинлашиб бораётганига тўхталди. Бу муаммо Қашқадарё учун айниқса долзарб. Лекин сув тежовчи технологиялар 515 минг гектардан атиги 16 фоизида жорий қилинган.

Шу боис вилоятга 15 та лазерли текислаш техникаси олиб келиниб, сув таъминоти оғир Косон, Миришкор, Касби ва Нишонда деҳқонларга арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Суғориш тармоғини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиб, 30 фоиз сувни тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга каналларни бетонлаш, қўшимча насос ва техника олиш, “Пахтаобод” каналини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Қарши шаҳридан ташқари бошқа бирорта туманда IT марказлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, 60 та коллежнинг бўш турган майдонларида ҳам ишлаб чиқариш, ҳам амалий таълимни йўлга қўйса бўлади.

Президент китоблик тадбиркорнинг IT кластер ва университет очиш ташаббусини маъқуллади.

Вилоят ва туман ҳокимларига ҳар бир тумандаги иш берувчиларнинг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёжини аниқлаш, таълим муассасаларида иш берувчиларнинг амалий устахонаси ва цехларини очиш топширилди. Бу ишларга 30 миллиард сўм ажратилади.

Воҳа аҳолисининг 42 фоизида ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак-қон томир ва қандли диабет касаллиги кўпайгани қайд этилди. Президент бу ҳолатдан ташвиш билдириб, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш ва вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, россиялик ҳамкорлар билан Китобда замонавий кардиология маркази барпо этилади. Мобил поликлиникалар хизмати йўлга қўйилади, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 600 ўринли замонавий клиника ташкил қилинади.

Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов келгуси йилда 1 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 40 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, 500 миллион доллар экспортни амалга ошириб, 200 миллион доллар импортни қисқартириш, 500 минг хорижий сайёҳ жалб қилиб, 550 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича режаларини маълум қилди.

Йиғилишда кўтарилган ҳар бир масала бўйича вазирлар ва ҳокимлар тенгма-тенг ҳисобот берди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла Жонибеков, Икром Аввалбоев,

ЎзА мухбирлари