Туркий давлатлар ташкилоти Бош прокурорлари кенгашининг “Халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари: муаммолар ва давлатлар тажрибаси” мавзусига бағишланган 2-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия давлатлари Бош прокурорлари, Туркий давлатлар ташкилотининг котибияти ҳамда Халқаро прокурорлар ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш доирасида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва ташкилотга аъзо давлатлар Бош прокурорлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Туркия давлат раҳбари йиғилиш иштирокчиларига ташкилот доирасида ўзаро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаб келишаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Ташкилотга аъзо давлатлар бош прокуратуралари раҳбарларининг ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлиги уюшган жиноятчиликнинг бир қатор турларига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

Айтиб ўтиш керакки, Туркий давлатлар ташкилоти Бош прокурорлари кенгашининг йиғилиши давомида иштирокчилар жиноий ишлар бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик соҳасида тажриба алмашди.

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жиноий одил судлов соҳасида халқаро ҳамкорлик” мавзусида нутқ сўзлади.

Тадбир якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти Бош прокурорлари кенгаши 2-йиғилишининг декларацияси қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА