Жамоат жойларида тиланчилик қилиш қонун билан тақиқланган бўлишига қарамай ҳаётда бир оз иши юришмай қолса, тўрт мучаси соғ бўла туриб тиланчилик йўлини танлаётганлар топилмоқда. МЖТКнинг 1883-моддасида эса тиланчилик қилувчи шахсларга нисбатан қонуний жавобгарлик белгиланган.

Унга кўра, аэропортлар, вокзаллар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турлари ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш тақиқланади.

Юқоридаги ҳаракатларни содир этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Шу билан биргаликда, вояга етмаган ёки кекса ёшдаги, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлганлар ҳамда бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек ушбу шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдириш орқали уларни тиланчилик қилишга жалб этиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай ҳаракатларни содир этганлик, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

М.Эшмирзаева, ЎзА