Пойтахтимизда 11-12 октябрь кунлари Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишлаб “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Аграр хотин-қизлар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу форумга Марказий Осиё ва Туркия давлатларидан аграр соҳадаги хотин-қизлар жалб қилинган.

Мазкур форум Ўзбекистонда 2019 йилдан буён 15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Халқаро форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати ва табриги тингланди. Шундан сўнг Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегациясининг бўлим раҳбари Миндаугас Касераускис ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили в.б. Анас Қарман ва бошқалар қишлоқ хўжалигида аёлларнинг ўрни ва иштироки, уларнинг соҳадаги имкониятларини ошириш, аёллар учун агробизнесни ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш каби масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қайд этилганидек, жаҳон қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг муҳим қисмини ташкил этувчи қишлоқ аёллари қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва унинг хавфсизлигида муҳим ўрин тутади. Аммо шунга қарамай, улар бутун дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бир қанча муаммоларга дуч келмоқда. Масалан, ресурслардан фойдаланишнинг чеклангани ва қарор қабул қилувчи органларда кам ваколатлилик, мавжуд гендер тенгсизлиги оқибатлари кучаймоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда қарийб 9 миллион аёл қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Улар орасида қишлоқ хўжалиги секторларида фаолият олиб бораётганлар кўпчиликни ташкил этади. Биргина юртимиздаги мавжуд 85 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг 6,5 фоизига аёллар раҳбарлик қилмоқда. Аммо бу мавжуд салоҳиятга мутлақо тўғри келмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 23 та илмий тадқиқот институтларида кўплаб олима аёллар фаолият олиб бораётгани, улар аграр соҳани илмий жиҳатдан ўрганиш ва тадқиқ этишда жонбозлик кўрсатаётгани алоҳида эътироф этилди.

Форумда қишлоқ хўжалиги соҳасида аёлларнинг роли ва мотивациясини ошириш орқали агросекторда аёлларнинг салоҳиятини янада кенгайтириш юзасидан таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили в.б. Анас Қарман ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги соҳасида гендер тенглигини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади: “Аёллар ҳар доим бизнинг жамиятимиз асоси бўлиб келган. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида уларнинг иштирокини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Аёллар Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ишчи кучининг 40 фоизидан ортиғини ташкил этиб, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим барқарорлигида муҳим роль ўйнайди. Қишлоқ аёлларини қишлоқ хўжалиги фаолиятида юксалтириш орқали биз нафақат гендер тенглиги сари қадам ташламоқдамиз, балки озиқ – овқат хавфсизлигига ҳам сармоя киритмоқдамиз” деди.

Форум доирасида экинларнинг биоэкологик хилма-хиллигини ўрганиш ва озиқ-овқат ишлаб чиқаришда рақамли технологияларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва бирламчи қайта ишлашда инновацион ёндашувлар, барқарор ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослаштириш, шу жумладан ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби кенг кўламли мавзулар бўйича очиқ мунозаралар олиб бориш кўзда тутилган. Ушбу халқаро анжуман республикамизнинг турли ҳудудларидан таклиф этилган аграр соҳадаги аёллар, олималар, тадбиркорлар, оилавий тадбиркор хотин-қизлар учун ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлади.

Тадбирда Ўзбекистон аёлларининг қишлоқ хўжалигига қўшган ҳиссаларини акс эттирувчи “Бунёдкор қишлоқ аёллари” номли ҳужжатли фильм ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиб келаётган қишлоқ аёлларининг ҳикояларини ўз ичига олган “Бугунги қишлоқ аёллари ҳикоялари” номли рақамли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Халқаро форум ўз ишини давом эттирмоқда.

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА