Жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Ипак йўли дурдонаси” ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида пойтахтнинг 10 га яқин кинотеатрларида хорижий фильмлар намойиши бўлиб ўтади.

Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати хабарига кўра, «Parus Cinema»,» Riviera Cinema»,  «Next Cinema»,» Compass Cinema», «Aziya Cinema» каби кинотеатрларда намойиши белгиланган 50 дан ортиқ хорижий фильмлар ўзбек ва инглиз тилларидаги субтитрлар билан кўрсатилади.

Кириш бепул, жойлар сони чекланган!

Фильмлар рўйхати ва намойиш вақти билан қуйидаги ҳавола орқали танишинг 👉  АФИША

Хусусан, улар орасида «Саргардон замин 2» (Хитой), «Инглиз тили дарси» (Жанубий Корея), «Менинг жиним» (Қозоғистон), «Фиръавн, йиртқич ва малика» (Франция), «Садоқатли Ҳасан» (Туркия), «Ғолиблар» (Буюк Британия), «Скарлетт» (Италия), «Опа-сингиллар» (Латвия) каби машҳур кинокартиналар намойиш этилади.

Маълумот ўрнида, кинофестиваль доирасида Европа иттифоқи давлатлари фильм фестивали, шу билан бирга, Туркий давлатлар ва МДҲ давлатлари кинофоруми ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, кинофестиваль дастуридан “Ўзбек дубляжи 85 ёшда”, “Кино 5 кунда” танлови, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган миллий тадбирлар, Италия фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси, кинотеатрларда хориж кино кунлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, ретроспектив кинонамойишлар ўрин олган.

ЎзА.