Эртага бошланадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессияси арафасида Нью-Йоркда Баҳрайн ташқи ишлар вазири доктор Абдуллатиф бин Рашид Аз-Заёний ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан учрашди. Бу ҳақда подшоҳлик ахборот агентлиги – “BNA” маълум қилди.

Суҳбат чоғида мустаҳкам дўстона муносабатнинг барча жиҳатлари муҳокама қилиниб, турли соҳалардаги ҳамкорлик ўсишининг юқори суръатидан ўзаро мамнунлик қайд этилди.

Томонлар умумий масала ва мавзулардан ташқари ҳар икки томон манфаатига хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш йўлларини ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашувда Баҳрайн подшоҳлигининг БМТдаги доимий вакили, элчи Жамол Ар-Рувоий ва ташқи ишлар вазирига ҳамроҳлик қилаётган делегация аъзолари ҳам иштирок этди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА