Ёшлар ишлари агентлиги биносида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур ижодий лойиҳа Президентимизнинг 2023 йил 27 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни ижроси доирасида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси асосида ўтказилди.

Танлов Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид ва бошқалар бу каби ижодий танловлар ижодкорларни янада масъулият билан ишлашга, изланишга ундашини таъкидлади.

Бу йилги танловда ижодий ишлар 7 та номинация бўйича қабул қилинди. “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет-журналистикаси”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” номинациялари шулар жумласидан.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичига 7 номинация бўйича 345 нафар ижодкордан 1 минг 700га яқин ижодий иш тақдим этилди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ижодий ишларни беш балли тизим бўйича мавзунинг долзарблиги, таҳлили, асарнинг бадиийлиги, истиқлол ғоясининг ифодаси, талқиннинг ўзига хослиги каби жиҳатларга асосий эътибор қаратди.

“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинациясига 74 нафар журналист ўзининг 359 та ижодий иши билан қатнашди. Танловга қатнашиш истагидаги даъвогарлар сафи кенгайиши билан бирга ижодий ишлар сифати ортгани эътиборлидир.

Бадиий публицистика жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларга, дунёда юз бераётган, одамлар онгу-шуурига, дунёқараши ва турмуш тарзига таъсир кўрсатаётган воқеликка муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсулидир. Танловнинг “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” номинациясига  бу йил ўтган йилга нисбатан анча кўп ижодий иш келиб тушган. Уларнинг маълум фоизи устоз журналистларга тегишли бўлса, қолганлари ёш ижодкорларга тўғри келади.

Бу йилги танловнинг “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари” номинацияси бўйича 56 нафар ижодкордан 300 га яқин ижодий иш келиб тушган. Материаллар шаклан ва мазмунан ранг-баранг бўлиб, уларда янгиланиш жараёнлари, “Инсон қадри учун” деган ғоянинг амалий ифодаси очиб берилгани билан аҳамиятлидир.

Танловнинг “Интернет-журналистикаси” номинацияси бўйича 30 нафарга яқин ижодкор қатнашган. Уларнинг аксарияти нодавлат интернет нашрлари ҳиссасига тўғри келади. Бу номинация бўйича 150 дан зиёд турли жанрлардаги ижодий иш кўриб чиқилган. Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги журналисти Зиёдулла Жонибеков мазкур номинация бўйича биринчи ўринга лойиқ топилди.

– Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида ижодкорларга кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнунмиз, – деди “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири Шойим Бўтаев. – Бугун ҳақ сўзни айтиш қувончи барчамизга насиб этди. Бу эса янада кўпроқ ижодий изланишга даъват этмоқда.

Тадбирда ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Санъат усталари иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди.

Назокат Усмонова,

Даврон Эрназаров, ЎзА