Тилсиз ёв — ёнғинларга нисбатан бериладиган бу таърифнинг моҳиятини ҳаммамиз яхши англаймиз. Кутилмаганда содир бўлиб, бир пасда катта фожеаларни келтириб чиқариш қудратига эга ёнғинлар кўпинча эҳтиётсизлик оқибатида юзага келади. Бу каби офатларнинг олдини олиш борасида зарур чораларни кўриш, ҳар биримиз эҳтиёткор бўлишимиз талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги “Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб мунтазам равишда «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампанияси амалга оширилади.

Кампания доирасида таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказилади. Давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитиш ташкил этилади. Жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг давлат ёнғин назорати органларига қатор ваколатлар берилади.

Хусусан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда бир йилда кўпи билан бир мартадан батафсил (дастлабки) текширув ва назорат текширувини ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш, бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам тўпланадиган объектларда (бозорлар, савдо-кўнгилочар мажмуалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқалар) давлат ёнғин назорати органлари томонидан ҳар чоракда камида бир маротаба мониторинг ва профилактика тадбирларини ўтказиш ваколати берилади.

Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкини ёнғин хавфидан асраш, ёнғинларнинг келиб чиқиш хавфи юқори бўлган, биринчи навбатда, аҳоли оммавий йиғиладиган объектларда ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини тубдан оширишдан иборат.

Зеро, республикамизда 2022 йилда 10 минг 260 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 284 нафар фуқаро жабрлангани, шундан 107 таси вафот этгани, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 214,6 миллиард сўмлик зарар етказилгани бу борада зарур чораларни кўриш лозимлигини англатади.

 

М.Комилова,  

ЎзА