АҚШ Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Лапасов Бош котиб Антониу Гутерришга ишонч ёрлиғини топширди.

Суҳбат чоғида Бош котиб давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатни, жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга ўзгаришларни, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда БМТ Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Томонлар Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболини, бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, тайинловга қадар Улуғбек Лапасов Ўзбекистоннинг БМТ ваколатхонаси ва Женева (Швейцария)даги бошқа халқаро ташкилотлар доимий вакили лавозимида ишлаган. 40 ёшли бу дипломат Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, кейинчалик бир қатор хорижий таълим муассасалари дастурларини тамомлаган. Ташқи ишлар вазирлиги тизимида стажёр сифатида иш бошлаб, сўнгра марказий бошқарув тизимида, хориждаги дипломатик ваколатхоналарда меҳнат фаолиятини олиб борган. 2016 йилдан бери маслаҳатчи, муваққат ишлар вакили, элчи мақомига эга. Француз, инглиз, рус тилларида эркин сўзлашади.

У.Лапасов 2017 йил май ойидан бери айни лавозимда ишлаб келган Бахтиёр Ибрагимов ўрнини эгаллади. 2019 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессиясида Ўзбекистон илк бор навбатдаги сессия раиси ўринбосари этиб сайланди ва ушбу вазифани Бахтиёр Ибрагимов мамлакатимизнинг доимий вакили сифатида БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясида 2019 йил сентябрдан 2020 йил сентябргача бажарди.

ЎзА