ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!” шиори остида “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаси юртимиз ҳудудларида юқори савияда ташкил этилаётганидан хабарингиз бор.

Минглаб спортсевар ёшларни қамраб олган ушбу мусобақа Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Мард, жасур ва шижоатли ёшлардан иборат 17 жамоа мусобақанинг ҳудудий босқичида тезкор савол-жавоб, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, камондан ўқ отиш, ҳарбий биатлон, арқон тортиш шартлари бўйича ўзаро куч синашди.

Муросасиз кечган баҳслар якунида Нукус ветеринария медицинаси техникумининг “Ёш кинологлар” жамоаси 1-ўринни эгаллади. Тахиатош туман касб-ҳунар мактаби ва Чимбой туман касб-ҳунар мактаби жамоалари кейинги ўринларга лойиқ топилди.

Ғолиб жамоалар ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА