Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ажратилаётган субсидиялар эгаларига етиб бормаётгани бўйича ҳам аҳолида эътирозлар кўплиги таъкидланди.  

Маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари бандлик, ёшлар ва аёллар жамғармалари орқали берилаётган субсидиялар, оилавий кредитлар ҳисобидан меҳнат қуроллари ва тадбиркорлик учун зарур маҳсулотларни харид қилиш тизимидан норози.

Маблағлар аҳолига тўғридан-тўғри берилмасдан, Маҳаллабай ва Ёшлар агентликлари ҳамда Марказий банкнинг “маркет плейслари” орқали “тендерларда ғолиб бўлган таъминотчилар”га ўтказиб берилади.

Яъни, аҳолида танлов йўқ, агентлик ёки банкнинг электрон платформаларидаги сотувчилар нимани қанча нархда таклиф қилса, аҳоли шуни олишга мажбур.

Аҳолида танлаш имконияти етмаганидай, таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар бозордан 20-25 фоиз қиммат.

Бош прокуратура, Ҳисоб палатасига имтиёзли маблағлар ҳисобидан аҳолига маҳсулот ва хизматлар тақдим қилаётган “маркет плейслар” фаолияти шаффофлигини текшириш топширилди.

ЎзА