Йиғилишда кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

Тадбиркорлик соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида ишлар суст ташкил этилган.

Шу муносабат билан Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.

–Биз маҳалладаги ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, бизнесини бошлаши учун ҳар йили ўнлаб триллион сўмлик кредит ва субсидиялар ажратаяпмиз. Лекин, уларнинг самарадорлигини баҳолайдиган тизим йўқ, – деди Президент.

Мисол учун, сўнгги уч йилда 300 минг ишсиз аҳоли касбга ўқитилган бўлса-да, уларнинг атиги 45 фоизи доимий иш билан таъминланган. Ваҳоланки, бу ишларга қарийб 1 триллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилган.

Шунингдек, жами 17 та мономарказда IT, агротехнологиялар, дизайнер, электрон тижорат, логистика, реклама иши, маркетинг каби юқори даромадли замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш улуши 5 фоизга ҳам етмайди.

ЎзА