Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларни санаб ўтди. 

Масалан, 14 та туманда ўтказилган ўрганишларда жами 4 минг 150 та бўш бино ва 850 гектар бўш ер майдонлари аниқланди.

Паст қувватда ишлаётган 6 минг 650 та корхонада қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 30 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш ҳисоб-китоб қилинди.

Умуман, бир ҳафта ичида 14 та тумандаги 766 та маҳаллада 15 триллион сўмлик 30 мингга яқин кичик лойиҳа таклифлари шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга кредит, солиқ, инфратузилма масалалари ҳал қилиб берилса, 170 минг иш ўрни яратилади, йилига 12 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, бюджетга қўшимча 560 миллиард сўм тушум таъминланади.

Жумладан, Бўка туманида паст қувватда ишлаётган 440 та корхона хом ашё, 26 миллиард сўм айланма маблағ ва маҳсулоти учун бозор топиб берилса, қўшимча 2,5 минг аҳолини банд қилиш мумкин.

Аниқланган лойиҳалар ишга тушса, Бўкада бюджетга қўшимча 30 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкин бўлади. Бу – туманда бюджетга йиллик тушумларни 1,5 карра кўпайтириш, дегани. Туманда бандлик масаласи тўлиқ ҳал бўлиб, “ишсизликдан холи ҳудуд”га айланади.

Энг муҳими, хориждаги 5 мингдан зиёд миграцияда юрган юртдошларимизнинг қайтишлари учун муҳит яратилади.

ЎзА