Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Олий Мажлиснинг Кўрфаз араб давлатлари парламентлари билан ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда жорий йилнинг 19 июль куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммити якунлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Хусусан, Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақалари халқлари ўртасидаги муносабатлар, конструктив сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан парламентлараро алоқаларнинг истиқболли йўналишлари кенг муҳокама қилинди.

Йиғилишда ташқи ишлар вазири ўринбосари Б.Аълоев маъруза қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бешта йўналишда илгари сурилган ташаббусларга тўхталди. Хусусан, кенг қамровли ҳамкорликни турли форматларда ривожлантириш, кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик Битимини ишлаб чиқиш, юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигига катта эътибор қаратилди.

Тадбирда бугунги кунда турли хавф-хатарларга қарамай, ушбу минтақалар тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётгани, айни вақтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қараётгани ва ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани эътирофга сазовор эканлиги алоҳида қайд этилди.

Мунозаралар давомида Ўзбекистон Республикасининг Кўрфаз араб давлатлари билан ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар ҳали мавжуд салоҳият даражасидан анча пастлиги, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бирмунча ўсган бўлса-да, бироқ бу кўрсаткични ҳали бир неча бараварга ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.

Шунингдек, депутатлар Олий Мажлиснинг Кўрфаз араб давлатлари парламентлари билан ўзаро алоқаларини янги даражага олиб чиқиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Дини, урф-одат ва анъаналари яқин бўлган минтақалар ва халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан ҳозирда Олий Мажлисда фаолият юритаётган Кўрфаз араб давлатлари парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлар ишини янада жонлантиришга келишиб олинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА